Қашқадарё вилоятида Gentra русумли автомашина ҳайдовчиси 105 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва жаримани тўламаган. Бу ҳақда вилоят МИБ матбуот хизмати хабар берди.
19 июль куни МИБ ходимлари ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун қарздорнинг уйига келган. Бироқ қарздор ва унинг яқин қариндошлари дарвозани очмаган. Бундан ташқари, улар суд ижрочиларининг ҳаракатларига қаршилик кўрсатган.
Қарийб беш соат давом этган ижро чоралари натижасида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Gentra русумли автомашина қарздорнинг уйида тургани аниқланди.
Қарздорга маъмурий жарима тўлаш учун 10 кунлик муддат берилди. Қарз тўланмаган тақдирда автомобиль кимошди савдосига қўйилади.
МИБ ҳисоботида автомобиль эгасининг қанча қарзи борлиги кўрсатилмаган.