Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўз фарзандини сотмоқчи бўлган 35 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. «Kun.uz» суд ҳужжати билан танишди.
Ҳукмда келтирилишича, 1989 йилда туғилган З.А.нинг 2011 йилда туғилган ўғли ва 2014 йилда туғилган қиз фарзанди бўлган. Турмушидан ажралган аёл ижара асосида Чирчиқ шаҳрида яшаб келган.
Аёл 2024 йил 29 март куни ўзининг яшаш хонадонида 2014 йилда туғилган қиз фарзандини 2 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида тезкор тадбирда ушланган. Аёл суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, бу ишга фарзандларини боқишга қийналгани сабабли қўл урганини айтган.
«Ўғлим ногирон, оилада ёлғиз боқувчиман. Фарзандларимни интернет тармоғида ва Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида кийим-кечак сотиш орқали боқиб келганман. Ўзим қандли диабет касаллигига чалинганман. Шунингдек, буйрагининг ҳам бир қисми ишламайди. Шу сабабли оғир меҳнат билан шуғуллана олмайман. Фарзандларимни боқишга қийналганим туфайли қизимни фарзандга муҳтож, ўзига тўқ оилага беришни режалаштиргандим. Уни сотиш мақсадим бўлмаган», — деди аёл.
У қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан ўзига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо тайинлашни сўраган. Аммо аёлнинг қилмиши гувоҳлар ва бошқа далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган. Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судининг 2024 йил 26 июндаги ҳукми билан З.А. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.