Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси гидротехника иншоотларида содир бўлган фавқулодда вазиятлар натижасида етказилган зарарни қоплашнинг янги тартибини тасдиқлади. Ушбу низомга мувофиқ, ташкилотлар гидротехника иншоотларидаги авариялар натижасида мулкка, аҳоли саломатлигига ва атроф-муҳитга этказилган зарар учун ўз жавобгарлигини суғурта қилишлари шарт. Бундан ташқари, ҳужжат зарар миқдорини ҳисоблаш тартибини белгилайди.
Фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилиниши лозим бўлган гидротехника иншоотлари рўйхатига 59 та объект киритилган. Суғурталовчи ва суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан ташқари, ҳужжат суғурта товонини тўлаш тартиби ва унинг энг кам миқдорларини белгилайди.
Тўловлар миқдори гидротехника иншоотлари синфига боғлиқ. I тоифадаги объектлар учун минимал тўлов миқдори 250 000 БҲМ, II тоифадаги объектлар учун – 50 000 БҲМ, III-IV тоифадаги объектлар учун – 10 000 БҲМни ташкил этади.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси етказилган зарар миқдорини баҳолайди. Шунингдек, ушбу комиссия авариялар, фалокатлар, табиий ва бошқа офатлар натижасида жабрланган фуқароларни тиббий реабилитация қилишда ёрдам кўрсатади, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларга ёрдам беради.