Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 16 август куни бўлиб ўтган мажлисда «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонунни рад этди.
Ҳужжат ўтган йили кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди.
Қонунда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балли тизимини жорий этиш, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик ва бошқаларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилган.
Бироқ қонунда йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ушбу ўзгартишларга қўшимча равишда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг обрўсини туширганлик учун жазо чораларини назарда тутувчи норма киритилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (17 млн сўм) миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонунни, айниқса, жарима пунктлари ва «ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида» видеолавҳалар чоп этишни тақиқлаш бўйича якуний такомиллаштириш зарурлигини айтди.
У қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатаси ўртасида келишув комиссияси тузилишини маълум қилди.