Фуқаролар 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб my.gov.uz портали орқали Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қарорлари ва билдиришномалари устидан шикоят қилиши мумкин бўлади. Ушбу янгилик 3 июлдаги 382-сонли қарор билан тасдиқланган.
Шикоят беришнинг икки йўли мавжуд: онлайн ва анъанавий усул — оғзаки ёки ёзма. Тизим рақамли ҳукумат платформаси билан интеграция қилинади. Жараён порталда рўйхатдан ўтиш, ариза берувчининг маълумотларини текшириш ва 10 кун ичида жавоб беришни ўз ичига олади.
Шуни таъкидлаш керакки, шикоятни кўриб чиқиш жараёнида жарима бўйича чегирма тўхтатилмайди. Шунингдек, жавоб олинганидан кейин бир масала бўйича такрорий мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаатлар тизими 2024 йил 15 августдан иш бошлади.