Тошкент шаҳар ҳокимлигида БМТнинг Уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда БМТ нинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал бошчилигидаги делегация, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов, Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров, ҳоким ўринбосари Дурдона Раҳимова ва бошқа масъул шахслар иштирок этди.
Мулоқот давомида йилдан йилга Ўзбекистон ва БМТ ҳамда унинг институтлари ўртасидаги кўп қиррали шериклик янада кенгайиб, глобал сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари мустаҳкамланиб бораётгани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизда, жумладан Тошкент шаҳрида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари пойтахтда одамларни уй-жой билан таъминлаш ва аҳолининг барча қатламлари яшаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Балакришнан Ражагопал жаноблари эса кадастр билан боғлиқ айрим масалалар, ижара платформалари, реновация лойиҳаси, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари, Тошкент шаҳридаги халқ қабулхоналари фаолияти, сайёр қабуллар борасида саволлари билан юзланди. Соҳа масъуллари барча саволларга батафсил маълумот беришди.