Ўзэнергоинспекция Энергетика вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтади

O‘zbekiston

Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) президент фармони билан Энергетика вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилди. Инспекция мустақил республика органига айланади.

Фото: Ситуатив / zandz.com

Ўзбекистон президентининг 23 августдаги «Ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Энергетика вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди.

Ўзэнергоинспекция ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзэнергоинспекция зиммасига қўшимча вазифалар юкланади:

  • энергия самарадорлиги бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

  • йиллик энергия истеъмоли 500 тонна шартли ёқилғидан юқори бўлган барча саноат корхоналарида энергия истеъмолини бошқариш тизимини (Энергй Манагемент Сйстем) жорий этишни назорат қилиш;

  • соҳада давлат назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш;

  • энергия аудиторларга малака сертификатларини бериш ва замонавий ўлчов лабораториялари бўйича минимал талабларни белгилаш.

Ўзэнергоинспекциянинг марказий аппарати тузилмасида 30 та штат бирлигидан иборат бўлган энергия самарадорлигини ошириш департаменти ва Энергетика назорати соҳасини рақамлаштириш бошқармаси ташкил этилади.

Mavzuga oid materiallar