Ижтимоий тармоқларда эркак дўкон ходимини шафқатсизларча калтаклагани акс этган видео тарқалди.
Ҳодиса Тошкентдаги INBAZAR йирик дўконининг Сергели филиалида содир бўлган. Қўриқчи дўконнинг янги ходими юзига бир неча марта урди ва уни ҳақорат қилди.
Йигит аравачани итариб юборгани ва у дарвозага урилгани туфайли калтакланган.
Маълум қилинишича, воқеадан сўнг жабрланувчи ишдан бўшатилган.
INBAZAR асосчиси ҳодисага изоҳ бериб, айбдорлар албатта қонун доирасида жазоланишини айтди.
15 сентябрь куни қўриқчи томонидан калтакланган ходимга корхона раҳбарияти узр тариқасида Spark автомобили совға қилган. Ходим ҳам лавозимга тикланди ва кўтарилди.
Маълумотларга кўра, қўриқчига нисбатан «майда безорилик» моддаси билан иш қўзғатилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Кейинчалик тармоқда INBAZAR дўконлар тармоғи асосчиси иштирокидаги кадрлар пайдо бўлди. Улардан бирида у номаълум эркаклар билан яккама-якка муштлашишни таклиф қилса, бошқасида эса мижозлар билан «қўпол» муносабатда бўлган қўриқчини калтаклайди.
INBAZAR асосчиси Омадбек Холматов ўзи иштирок этган видеога изоҳ берди. Автотураргоҳдаги вазият бўйича тадбиркор аввалроқ 4 кишидан иборат оилани калтаклаган кишини «ҳиссиёт» билан қўрқитмоқчи бўлганини айтди.
Шунингдек, Холматов тармоқдан уч йил олдин ўз ходимини калтаклагани акс этган видео топилганига ҳайрон бўлди.