Ўзбекистонда яна 177 та «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари молиялаштирилади

O‘zbekiston

«Ташаббусли бюджет» доирасида яна 177 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштириш учун 143,1 млрд сўм йўналтирилади.

Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет» доирасида яна 177 та лойиҳа молиялаштирилади, деб хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан:

  • 56 та лойиҳа маҳаллий буджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

  • Лойиҳа қийматининг 20 фоизигача маблағ етарли бўлмаган 25 та лойиҳа;

  • Маҳаллаларда аҳоли сони кўплиги сабабли ғалаба қозона олмаган 96 та лойиҳа.

  • Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 143,1 млрд сўм ажратилади.

31 август куни «Очиқ бюджет» порталида 2024 йилнинг иккинчи мавсуми учун ташаббусли буджетлаштириш лойиҳалари бўйича овоз бериш якунланди. 9447 та маҳалла аҳолисидан 27474 та ташаббус келиб тушган (ўтган мавсумда 35575 та бўлган), шундан 23318 таси (28919 таси) маъқулланган.

1534 та маҳаллада қиймати 2,14 трлн сўмлик 1772 та лойиҳа ғолиб деб топилди.

Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш бўйича 718 та, мактабларни таъмирлаш ва уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича 418 та, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича 283 та, бошқа таълим муассасаларини таъмирлаш бўйича 69 та ва бошқа лойиҳалар энг кўп овоз тўплади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсуми ғолиблари апрель ойида эълон қилинган эди. 2770 та лойиҳа (овозга қўйиш учун маъқулланган 28,9 мингта лойиҳадан) ғолиб бўлиб, уларга 3,3 трлн сўм йўналтирилди. Ўшанда овоз беришда 11,7 миллион киши иштирок этган.

Mavzuga oid materiallar