Бектемирдан Чорвоққача бўлган йўл қисми пулли бўлади

O‘zbekiston

Бектемирдан Чорвоққача бўлган йўл қисмини пулли қилиш режалаштирилган. Туркия компанияси 69 км узунликдаги ушбу йўл участкасини реконструкция қилади.

Бектемирдан Чорвоқгача бўлган автомобиль йўлининг қисмини пуллик қилиш режалаштирилган, деб хабар қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Вазирлик раҳбарияти Молдова ва Руминиядаги лойиҳалар билан шуғулланувчи Onur Group компанияси директори Булент Татар билан учрашув ўтказди. Учрашувда йўл ва туннеллар қурилиши соҳасидаги ҳамкорликнинг салоҳиятли имкониятлари муҳокама қилинди, шунингдек, мавжуд лойиҳалар кўриб чиқилди.

Музокаралар доирасида 4Р12 Бектемир–Чирчиқ–Ғазалкент–Чорвоқ автомобиль йўлининг 6-километрдан 77-километргача бўлган қисмини реконструкция қилиш масаласи муҳокама қилинди. Лойиҳа ушбу участкада асфальт-бетон қопламадан фойдаланиш ва йўлни пуллик йўлга айлантиришни назарда тутади.

Ўтган ҳафта Onur Group компанияси экспертлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси вакиллари билан биргаликда объектни жойида баҳолади.

Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаш бўйича келишувга эришди.

Mavzuga oid materiallar