Тошкентдаги 188-мактабда 6-синф ўқувчисини урганликда айбланган ўқитувчига 6,8 млн сўм жарима солинди. 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор туман судида Озода Равшанова иши кўриб чиқилди [суд қарори таҳририятда мавжуд].
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интернетда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги можаро акс этган видеоёзув эълон қилинган эди. Видеода ўқитувчининг болага қўпол муносабатда бўлаётгани, уни ёқасидан тортиб, итариб, бўғзидан ушлаб, бир неча бор юзига ургани кўрсатилган. Воқеа 188-мактабнинг олтинчи синфида ўқувчи дарсни рус тилида ўтказишни сўраганида юз берган.
Кейинчалик Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳукуматини рус тилида сўзлашувчи болага нисбатан шафқатсиз муносабат ҳақидаги ОАВ материалига баҳо беришга ва чоралар кўришга чақирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раис ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистон фуқароси бўлган боланинг ҳуқуқлари Ўзбекистон мактабида бузилганини ва Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида чоралар кўрилишини маълум қилди.
«Агар улар бизнинг ички ишларимизга аралашмай, тўлиқ ўз ички ишлари билан шуғулланганларида тўғри бўларди,» деб ёзди у.
Шунингдек, Болалар омбудсмани ўша ўқитувчи 204-мактаб директори ўринбосари билан жанжаллашгани учун аллақачон жазоланганини маълум қилди. 24 центябр куни у ўқувчи қизнинг ота-онаси сифатида Миллий гвардия ва ИИБ ходимларига нисбатан жисмоний куч ишлатиб, уларнинг талабларига бўйсунмай тажовузкор хатти-ҳаракат қилган. Бунинг учун унга 3,4 миллион сўм жарима ва 7 суткалик қамоқ жазоси тайинланган.
28 сентябрь куни айбланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлди. У мактабга иш излаб келганини ва тегишли малакаси бўлмасада, адабиёт дарсини ўтказишга рухсат берилганини, чунки штатдаги ўқитувчи бошқа тадбир билан банд бўлганини тушунтирди. Равшанова дарсни ўзбек тилида ўтказишга қарор қилди, ўқувчилар бунга рози бўлишди, лекин улардан иккитаси дарсни рус тилида ўтказишни сўрашди. Дарс давомида ўқувчилардан бири тартибни бузди ва Равшанова унинг қулоғидан тортди.
Эртаси куни мактаб ўқувчисининг ота-онаси ўқитувчи билан гаплашмоқчи бўлишди, лекин у уларга қўполлик қилиб, ҳақорат қилди.
Суд иш материалларини, шу жумладан видео ва аудио ёзувларни ўрганиб чиқиб, айбловнинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиш) ва 52-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш, соғлиққа жиддий таъсир кўрсатмаган ҳолда, БҲМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача миқдорда жарима солиш)га мувофиқлигини тасдиқлади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига («Бир неча ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўллаш») кўра, Равшановага нисбатан оғирроқ модда бўйича - базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, яъни 6,8 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.