ЮНИСЕФ: Минглаб афғон «ноқонуний қочқинлари» Ўзбекистонда бўлишда давом этмоқда

Ўзбекистон

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги болалар ва ўсмирлар аҳволининг глобал таҳлилига бағишланган тақдимоти чоғида республикада ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган минглаб афғон қочқинлари сақланиб қолаётганлиги айтилди. Бундай қочқинларнинг аниқ сони айтилмаган.

Фото: UNICEF Uzbekistan

Ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган минглаб афғон қочқинлари Ўзбекистонда бўлишда давом этмоқда, деб хабар берди ЮНИСЕФ вакиллари 8 октябрь куни республикадаги болалар ва ўсмирлар аҳволининг глобал таҳлили тақдимотида. Қайд этилганидек, бу рўйхатдан ўтиш ва виза олиш, шунингдек, уй-жой, овқатланиш ва тиббий хизматдан фойдаланиш учун қийинчиликлар туғдирмоқда.

ЮНИСЕФ вакилларининг тушунтиришича, бундай ҳолатнинг сабаби Ўзбекистонда БМТнинг Қочоқлар мақоми тўғрисидаги конвенцияси ва ушбу масалаларни тартибга солувчи миллий қонунчиликнинг мавжуд эмаслиги.

Республикадаги афғон қочқинлари сони маълум қилинмади. 2021 йилда «Толибон» ҳокимиятни қўлга олганидан кўп ўтмай қисқа муддатли визалар билан Ўзбекистонга келган 13 минг афғон фуқароси ҳақида маълумот бор, холос. Бу маълумотлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақдим этилган. Улардан қанчаси мамлакатда қолган ва яна қанчаси етиб келганлиги номаълум.

Афғонистонда давом этаётган муаммолар туфайли қочқинлар уйларига қайтишга шошилмаяпти, шунинг учун улар халқаро ҳимояга муҳтож, деб ҳисоблайди ЮНИСЕФ. Қочоқлар мақоми ва бошпана бериш тўғрисидаги қонуннинг ишлаб чиқилиши Ўзбекистон учун муҳим қадам бўлиб, мамлакат сиёсатини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконини беради.

Ташкилот маърузасида қайд этилишича, қочоқлар мақомидаги муаммолар туфайли рўйхатдан ўтиш, визалар, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ва паспортлар олиш, шунингдек, уй-жой, овқатланиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ турли қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Хусусан, ЮНИСЕФ вакиллари Ўзбекистондаги афғон болалари орасида озиқ-овқат танқислиги ва иммунизация даражасининг пастлигига эътибор қаратмоқда. Шунингдек, уларга психологик жароҳатларни енгиб ўтиш ва жароҳатдан кейинги бузилишлар, ташвиш ва депрессияни олдини олиш учун психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва руҳий саломатлик хизматлари зарур.

Мавзуга оид материаллар