«Бунёдкор» ҳимоячиси дунёнинг энг истиқболли футболчилари 60 талигига кирди

O‘zbekiston

«Бунёдкор» клуби ҳимоячиси Азизбек Тўлқинбеков The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истиқболли 60 нафар футболчиси рўйхатига киритилди. Тўлқинбеков 2007 йилда туғилган иқтидорли футболчилар гуруҳига Паю Кубарси, Марк Бернал ва Ламин Ямал каби истиқболли футболчилар билан бирга қўшилди.

Фото: mediaindonesia

«Бунёдкор» ҳимоячиси ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчиси Азизбек Тўлқинбеков The Guardian талқинига кўра Next Generation 2024 — дунёдаги энг истиқболли 60 нафар ёш футболчи рўйхатига киритилди.

Тўлқинбеков «Барселона»нинг асосий жамоасида ўйнаётган Паю Кубарси, Марк Бернал ва Ламин Ямал каби истиқболли футболчилар билан бирга 2007 йилда туғилган истеъдодли футболчилар гуруҳига қўшилди.

«Ўзбекистондаги ёш футболчиларга ўзини намоён этиш осон эмас, чунки мамлакатда иқтидорли футболчилар кўп», — деб ёзади Тҳе Гуардиан. - Ўтган йили Тўлқинбеков 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзини яққол намоён этиб, барча ўйинларни ўтказди. Индонезияда бўлиб ўтган турнирда Ўзбекистон терма жамоаси Англияни мағлуб этиб, чорак финалда Францияга имкониятни бой берди. Шундан сўнг у Ўзбекистон Суперлигасининг «Бунёдкор» жамоасида мунтазам ўйнай бошлагани ажабланарли эмас».

2022 йил ноябрь ойида Тўлқинбеков Ўзбекистон Суперлигасида ўйнаган энг ёш футболчига айланди. «Қўқон-1912»га қарши ўйинда «Бунёдкор» ҳимоячиси ўйиннинг 90-дақиқасида Умарали Раҳмоналиевнинг ўрнига майдонга тушди. 2023 йилда Азизбек «Қизилқум» таркибида бор-йўғи 31 дақиқа ўйнаган бўлса, бу мавсумда Суперлигада 16 та ўйин ўтказиб, асосий таркиб футболчисига айланди.

Тўлқинбеков The Guardian рўйхатида Ўзбекистоннинг иккинчи вакилига айланди.

2019 йилда британиялик таблоид 17 ёшли ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддиновни энг истиқболли футболчилар рўйхатига киритди. Ўшанда у Ўзбекистон Суперлигаси тарихидаги энг ёш дебютантга айланди - у атиги 16 ёш 80 кун эди. Бир йил ўтиб, «Бунёдкор» Жалолиддиновни Москванинг «Локомотив» клубига 980 минг еврога сотди. Бироқ, 2021 йилда ҳавбек Ўзбекистонга қайтиб келди ва 2024 йилдан буён «Нефтчи»да ўйнамоқда.

Mavzuga oid materiallar