Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасидаги асосий мақсадлар белгиланди

O‘zbekiston

Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш режаси тасдиқланди. Президент имзолаган ҳужжат мамлакатда ўн йилликнинг охирига қадар эришиш режалаштирилган сунъий интеллект соҳасидаги асосий мақсад ва вазифаларни белгилайди.

Ўзбекистонда 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Президент томонидан 2024 йил 14 октябрда имзоланган ҳужжат мамлакатда ўн йилликнинг охирига қадар эришиш режалаштирилган сунъий интеллект соҳасидаги асосий мақсад ва вазифаларни белгилайди.

Асосий мақсадлар орасида сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) сунъий интеллект технологияларидан фойдаланадиган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Сунъий интеллект соҳасида тадқиқотлар ва ишланмалар билан шуғулланадиган 10 та илмий лаборатория ташкил этиш, шунингдек, юқори унумли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш режалаштирилган. Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлиги индекси (Government AI Readiness Index) бўйича Ўзбекистоннинг топ-50 мамлакат қаторига кириши муҳим вазифа бўлади.

Бундан ташқари, 2025 йил сентябрь ойига қадар ахборот хавфсизлигига қўйиладиган барча талабларни ҳисобга олган ҳолда илмий ва амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун «катта маълумотлар» базасини яратиш кўзда тутилган. 2026 йил май ойига қадар СИ технологияларини жорий этиш лойиҳалари доирасида маълумотларни қайта ишлаш учун ҳисоблаш қувватлари ишга туширилади.

Mavzuga oid materiallar