«Ҳокимликларда қарорларнинг 30 фоиздан ортиғи ёпиқ тартибда қабул қилинади» — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

O‘zbekiston

2023 йилда ҳокимликлар томонидан 115 мингта қарор чиқарилган бўлиб, шундан 43 мингтаси (37,3%) ноқонуний равишда ёпиқ форматга ўтказилган. Ёпиқ шаклда қарор қабул қилиш учун аниқ мезонларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ўзбекистонда ёпиқ шаклда қарорлар қабул қилиш учун аниқ мезонларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновга таяниб хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда давлат идоралари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг очиқлик даражасини ўрганиб чиққан.

«Ўрганиш давомида маҳаллий ҳокимликлардаги қарорларнинг 30 фоиздан ортиғи ёпиқ тартибда қабул қилинаётгани аниқланди. Уларнинг мазмунини таҳлил қилиб, кўплаб қарорлар давлат харидлари ёки давлат бюджети маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бўлиб, ноқонуний равишда ёпиқ форматга ўтказилаётганини аниқладик», — деди у.

Акмал Бурҳоновнинг таъкидлашича, вазирлик ва идоралар томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қўшма таклифлар ишлаб чиқилган.

«Биринчи таклиф - ёпиқ тартибда қарор қабул қилиш учун аниқ мезонларни ишлаб чиқиш зарур. Бугунги кунда қонунчилигимизда бу борадаги қоидалар мавжуд. Бироқ, улар умумий тартибларни назарда тутади ва агар маълумотлар шахсий маълумотларга ёки васийлик ва ҳомийлик масалаларига тааллуқли бўлса, улар ёпилади. Афсуски, баъзи мансабдор шахслар бу баҳона билан кўплаб қарорларни ёпиқ тартибда қабул қилмоқда», — деди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ёпиқ қарорларни у билан мажбурий равишда келишишни жорий этишни таклиф қилмоқда.

Mavzuga oid materiallar