Yandex Uzbekistan компанияси Express24 етказиб бериш хизмати активларининг бир қисмини сотиб олади. Бу ҳақда «Газета.uz» компания вакилларига таяниб хабар бермоқда. Битим суммаси ошкор этилмаяпти, дея аниқлик киритди нашр.
Компаниялар Yandex Go ва Express24 хизматларининг афзалликларини ўзида мужассам этган Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун ягона технологик платформани яратишга келишиб олдилар. Бунинг учун Yandex Express24 активларининг бир қисмини сотиб олади ва битим яқин орада ёпилади, дея хабар берди Yandex Uzbekistan вакиллари.
Express24 иловаси ўз ишини давом эттиради, дея таъкидлади компания.
Битим якунлангач, Yandex Go ва Express24'даги Eats хизматлари ягона технологик платформага ўтади. Бу буюртмаларни кўпайтириш имконини беради, курьерлар эса кўпроқ етказиб бериш ва шунга мос равишда кўпроқ пул ишлаш имкониятига эга бўлади, дея қўшимча қилди Yandex Uzbekistan.
Хабарда қайд этилишича, шундан сўнг фойдаланувчилар буюртмаларни тезроқ олишлари мумкин бўлади ва улар учун ресторанлар танлови кенгаяди.
Express24 ҳамкор ресторанлари, ўз навбатида, етказиб бериш ҳудудини кенгайтириш ва янги платформадан тарғибот воситаларидан фойдаланишлари мумкин.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Рақобат қўмитасига мурожаат қилиб, бозор монополлашувидан истеъмолчилар ютқазиши мумкинлигини таъкидлаб, битимнинг қонунийлигига изоҳ беришни сўради.
Express24 — тайёр таомлар, дўконлардан товарлар ва бозорлардан маҳсулотларни етказиб бериш хизмати. У 2017 йилдан бери ишлайди. Хизмат асосчиси — MyTaxi асосчиси Акмал Пайзиев.