Йўлнинг четки чап қисмида ҳаракатланган юк машиналари ҳайдовчилари жаримага тортилади

O‘zbekiston

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга йўлнинг четки чап қаторини эгаллаган юк машиналари ҳайдовчилари учун янги жарима киритилди. Илгари юк машиналари учун фақат бурилиш ёки орқага қайтиш мақсадида чап қаторда ҳаракатланиш мумкинлиги белгиланганди. Бироқ, ҳозиргача бунинг учун жазо назарда тутилмаган.

Фото: Ситуатив / Очиқ манбалар

Энди йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланаётган юк машиналари ҳайдовчилари жаримага тортилиши мумкин. Бу ўзгартириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди ва 28 октябрдан кучга кирди.

Кодекснинг янгиланган 128-моддасига кўра, йўлнинг энг чап қаторида юк машиналарининг ҳаракатланиши (рухсат этилган ҳоллар, масалан, чапга бурилиш ёки орқага қайтиш бундан мустасно) базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари, яъни 187,5 минг сўм миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Биринчи жаримадан кейин бир йил ичида такроран қоидабузарлик — 1 БҲМ (375 минг сўм), учинчи қоидабузарлик — 3 БҲМ (1,125 млн сўм), тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликлар бир йил давомида — 4 БҲМ (1,5 млн сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этишга олиб келади.

Таъкидлаш жоизки, 2022 йил 1 майдан Йўл ҳаракати қоидаларига юк машиналари фақат қатнов қисмининг ўнг томонида ҳаракатланиши кераклиги (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) талаби киритилган эди, — деб хабар берди «Газета.uz». Шундай бўлсада, Маъмурий кодексда санкциялар белгиланмагани сабабли ҳайдовчиларни бу қоидабузарлик учун жаримага тортиб бўлмас эди.

Сентябрь ойида Сенатдаги тузатишлар муҳокамасида Ўзбекистонда дастлабки етти ой ичида юк машиналари иштирокида 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани, натижада 108 киши ҳалок бўлгани ва 227 киши жароҳатланганини маълум қилишган.

Mavzuga oid materiallar