Uzbekistan Airports Европа аэропортлари халқаро кенгашига аъзо бўлди

O‘zbekiston

Uzbekistan Airports Европа аэропортлари халқаро кенгашига (ACI) аъзо бўлди. ACI Europe тажриба алмашиш, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш, аэропортларда янгиликлар ва технологик инновацияларни тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайди.

Фото: Uzbekistan Airports

Ўзбекистон аэропортларини бошқарувчи Uzbekistan Airports Европа халқаро аэропортлар кенгаши (ACI) таркибига кирди. Бу бутун дунё бўйлаб 2000 га яқин аэропорт операторларини бирлаштирган глобал ташкилотдир.

ACIнинг мақсади аъзо аэропортлар манфаатларини ифодалаш, авиакомпаниялар ва бошқа ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилиш йўлларини излаш, тартибга солувчи органлар ва қонунчилик тузилмаларида, шунингдек, авиация соҳаси бўйича жамоатчилик фикрини шакллантиришга таъсир қилувчи доираларда аэропорт операторлари манфаатларини илгари суришдир.

Фото: Uzbekistan Airports

«ACI Europe аэропортларнинг хавфсизлиги, ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаган ҳолда авиация секторининг барқарор ўсишига ҳисса қўшишга интилади. Ушбу глобал ташкилотга аъзолик сертификатини олиш кўплаб афзалликларни, жумладан, ресурслардан фойдаланиш, соҳанинг илғор тажрибаси ва аэропорт мутахассисларининг ишончли тармоғини тақдим этади. Бу бизга йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, эксплуатация стандартларини ошириш ва авиация соҳасининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш бўйича умумий мақсадларимизни келишиб олиш имконини беради. Uzbekistan Airports ACI Europe билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликка интилади. Биргаликда биз нафақат аэропорт хизматлари сифатини оширадиган, балки Ўзбекистон аэропортларининг жаҳон авиация майдонидаги мавқеини мустаҳкамлайдиган инновацион ечимлар устида ишлаймиз», — дея изоҳ берди бошқарув компанияси.

ACI Europe, шунингдек, тажриба алмашиш, конференция ва кўргазмалар ташкил этиш, аэропортларда янгиликлар ва технологик инновацияларни тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайди. Uzbekistan Airportsʼнинг Аэропортлар кенгашига қўшилиши Ўзбекистон ҳаво бандаргоҳлари учун жаҳон аэропортлари билан фаол ҳамкорлик қилиш учун ноёб имкониятлар очади, жумладан, глобал авиация сиёсати ва қонунчилигини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Mavzuga oid materiallar