АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади: музокаралар 14 ой давом этди

O‘zbekiston

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича АҚШ билан музокараларни якунлади. Республика президентининг махсус вакили Азизбек Урунов 14 ой давом этган музокараларни «саргузаштларга бой» деб таърифлади.

Фото: Linkedin.com / Azizbek Urunov

Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни муваффақиятли якунлади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг баёнотидан маълум бўлди.

Музокаралар 14 ой давом этиб, АҚШ Ўзбекистонга ташкилотга киришда кўрсатиши мумкин бўлган қўллаб-қувватлашни муҳокама қилишга қаратилди. Натижада АҚШ бу масалада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаган 21-давлатга айланди.

Урунов музокаралар жараёнини «саргузаштларга бой» деб баҳолади. У музокаралар мураккаб, аммо самарали бўлганини таъкидлаб, буни «бутун ҳаёт тажрибаси» деб атади.

Фото: Linkedin.com / Azizbek Urunov

Урунов «конструктив иштироки» учун АҚШ савдо вакили офисига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Фурқат Сидиқов ва дипломатик ваколатхона ҳузуридаги савдо маслаҳатчиси Оқил Убайдуллаевга ташаккур айтди.

Сентябрь ойида Ўзбекистон 18 та давлат билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлагани маълум қилинганди. Бразилия ва Шри-Ланка билан бозорга кириш бўйича музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколлар имзоланди.

Mavzuga oid materiallar