Ўзбекистон президенти ТДТ саммитида Туркий тараққиёт банкини ташкил этишни таклиф қилди

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев ТДТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида қатор ташаббуслар билан чиқди. Таклифлар орасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани қабул қилиш, Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш, шунингдек, электрон ҳужжат айланишига ўтиш масалалари бор.

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар етакчилари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлиги тўғрисидаги шартномани қабул қилишни таклиф қилди. Ушбу кенг қамровли ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши тузилма фаолиятини янада юқори сиёсий босқичга олиб чиқиши керак, деди Мирзиёев.

«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда давлатларимизнинг ташқи товар айланмасида ўзаро савдомиз улуши анча паст даражада қолмоқда. Импортимизнинг салмоқли қисми учинчи давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада вазиятни кескин ўзгартириш вақти келди», — деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш лозим.

«Биз ташкилотимиз доирасида молиявий инструментларни жорий этишга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Туркий инвестиция жамғармаси ишини фаоллаштириш, бизнинг ташаббусимиз бўлган Туркий ривожланиш банкини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз. Минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларга халқаро молия институтлари ва чет эл инвестиция компанияларини кенг жалб этиш ҳам долзарб вазифадир. Бу борада Туркий инвестиция форумини ташкил этишни таклиф қиламиз ва унинг илк тадбирини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз», — деди президент.

Яна бир устувор масала — бу транспорт коридорларидан самарали фойдаланишдир. Ўрта коридор бўйлаб транзит тарифларини мақбуллаштириш, чегаралардан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, замонавий логистика тизимлари ва қўшма операторларни яратиш умумий манфаатларимизга тўла жавоб беради.

«Ташкилотимиз доирасидаги ташувларда электрон ҳужжатлар айланмасига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолашга чақирамиз. Бундай долзарб масалаларни бизнес вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиш мақсадида Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказишни таклиф этамиз», — деди Мирзиёев.

Шунингдек, укелажак иқтисодиётини кенг жорий этишга қаратилган Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Мазкур концепция мамлакатларда тўпланган илғор тажриба ва ИТ соҳасидаги ютуқларни ўзаро алмашиш, инновация, инфратузилма ва илм-фан бўйича рақамли тизимларни, йирик дата-марказларини яратишга хизмат қилади.

Президент биродар туркий халқларни янада яқинлаштириш мақсадида ТДТга аъзо мамлакатлар тилларида кўп жилдлик фольклор тўпламини нашр этишни таклиф қилди.

«Бу борада «Туркий мамлакатлар тарихи» каби фундаментал тадқиқотларни биргаликда яратиш долзарб вазифамиздир. Шу билан бирга, туркий тиллардан бевосита таржима қилишни рағбатлантириш, мактабларимизда туркий халқлар ва уларнинг тарихи, этнографияси, маданияти ва санъати ҳақида факультатив дарсларни йўлга қўйиш лозим, деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Mavzuga oid materiallar