Тошкентда талабалар ўртасида 22,5 млн сўмлик совринли кибертурнир бўлиб ўтди

O‘zbekiston

Тошкентда Дота 2 йўналиши бўйича «ZIYO CUP» киберспорт турнири ташкил этилди, унда 400 га яқин талаба иштирок этди. Пойтахт ва Тошкент вилоятидан келган ўқувчилар 22,5 млн сўмлик пул мукофотлари учун курашдилар. Тадбир Халқаро фан ва таълимни ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтказилди.

Расм: «ZIYO FORUM» илм-фан ва таълимни ривожлантириш халқаро жамғармаси

Тошкентда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «ZIYO CUP» киберспорт турнири ташкил этилди. Тадбир «ZIYO FORUM» фан ва таълимни ривожлантириш халқаро жамғармаси томонидан уюштирилди.

Турнир 5-7 ноябрь кунлари «Cyber Arena» клубида бўлиб ўтди. Дота 2 ўйини бўйича ўтказилган мусобақада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти талабалари қатнашди. Турнирнинг соврин жамғармаси 22,5 миллион сўмни ташкил этди.

Саралаш босқичида 50 та давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари талабалари иштирок этди. Ўйинларда жами 400 га яқин талаба қатнашди.

Расм: «ZIYO FORUM» илм-фан ва таълимни ривожлантириш халқаро жамғармаси

Тадбир ёшларни оммавий спорт ўйинларига жалб қилиш ва Ўзбекистонда киберспортни ривожлантириш мақсадида ўтказилди. Бу, шунингдек, ахборот технологиялари ва IT-саноати учун кадрлар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

Таъкидлаш жоизки, 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти «Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжат мамлакатда киберспортни хавфсиз ривожлантириш ва оммалаштириш учун экотизим яратиш, мусобақа ва турнирлар ўтказиш орқали иқтидорли ёшларни аниқлаш ва саралашга қаратилган.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида ҳам ёшлар билан учрашиб, Киберспорт майдонидаги мусобақани кузатган эди.

Mavzuga oid materiallar