ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ташкил этилади: у нима учун керак?

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Даволашдаги асосий муаммолардан бири касалликни кеч аниқлашдир, дея таъкидлади давлат раҳбари матбуот хизмати. Шу боис президент ташаббуси билан Қашқадарёда тажриба тариқасида онкологик касалликларни эрта аниқлаган ҳар бир ҳолат учун тиббиёт бригадаларига 2 миллион сўмдан мукофотлаш жорий этилди.

Таҳлилларга кўра, барча онкологик касалликларнинг ўртача 20-25 фоизи сут бези ва бачадон саратонига тўғри келади. Шу муносабат билан скринингларни кенгайтириш ва уларнинг реестрини юритишни бошлаш режалаштирилган.

Тиббиёт муассасалари учун дори воситаларини марказлашган тартибда харид қилишда камчиликлар мавжуд. Баъзи шифохоналарда дори-дармонлар керагидан кам харид қилинган бўлса, бошқаларида уларнинг ортиқчалиги кузатилмоқда.

Шу муносабат билан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ўн беш ойлик талаб асосида харид қилиш тизими таклиф этилмоқда. Бунда келгуси йилларга бўлган эҳтиёжлар 1 августдан кечикмай Давлат бюджети параметрлари билан бир вақтда шакллантирилади.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади. 2025 йил 1 январдан бошлаб марказга ёпиқ турдаги лаборатория ускуналари учун оригинал дори воситалари ва сарфлаш материалларини тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилардан харид қилишга рухсат берилади.

Яна бир таклиф донорларни қўллаб-қувватлашни кенгайтиришни назарда тутади. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг фахрий донори» кўкрак нишони эгаларининг бир марталик пул мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача оширилади. Уларга жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ва давлат санаторийларида навбатдан ташқари даволаниш ҳуқуқи берилади.

Янги тизимни жорий этиш келгуси йилнинг 1 январига мўлжалланган.

Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотини Ўзбекистонда қўлланилаётган санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисида хабардор қилиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.

Mavzuga oid materiallar