Андижонда ёдгорлик кўчирилади, унинг ўрнида Andijon City қурилади

O‘zbekiston

Андижонда Бобур ҳайкалини «Регистон» майдонига кўчириш таклиф қилинмоқда. Бўш турган майдонда баландлиги 20 ва 16 қаватли иккита турар жой мажмуаси қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 90 млн доллар миқдорида инвестиция жалб қилиш таклиф этилмоқда.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Андижонда Бобур ҳайкалини «Регистон» майдонига кўчириш таклиф қилинди. Ушбу таклиф «Андижон вилоятининг тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасида ўз аксини топган. Лойиҳа вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган. Бунга иқтисодчи Отабек Бакиров эътибор қаратди.

Унинг сўзларига кўра, таклиф кўламини Амир Темур ҳайкалини пойтахт марказидан кўчириш ва унинг ўрнида турар жой қуриш билан таққослаш мумкин.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги таклифига кўра, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектарлик ҳудудида Andijon City ишбилармонлик марказини қуриш режалаштирилган. Унинг таркибига 18 қаватли 19 та турар-жой мажмуаси ва 28 қаватдан юқори бўлган 7 та бино киради.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, Андижондаги Алишер Навоий номидаги боғ Тошкентдаги Миллий боғ билан бир хил аҳамиятга эга.

Вилоят ҳокимлиги бу ҳақда изоҳ берди.

«Андижонимизда ҳар куни янги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Улардан бири, аҳолимизнинг узоқ йиллик истакларидан бўлган, вилоят марказидаги «Бобур» шоҳ кўчасида жойлашган чорраҳада қурилаётган йўл ўтказгич эканлиги деярли барча андижонликларга маълум. Ушбу кўприк қурилиши ўн минглаб аҳолининг кундалик турмуш тарзида катта қулайлик яратиб, инсонларнинг узоғини яқин қилади ва кун давомида соатлаб вақтини тежашига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бироқ Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталган майдон янги кўприк ёнида жойлашган. Қурилиш якунлангач, ушбу ҳудуд ёпилади ва майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади.

Бу мавзу илмий кенгаш вакиллари, андижонлик бобуршунослар ва оқсоқоллар томонидан муҳокама қилинди. Зарур хулосалар чиқарилди.

«Улуғ бобокалонимиз ва буюк шоир хотирасини эъзозлаш мақсадида унга атаб ўрнатилган маҳобатли ҳайкал, шоҳ Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган «Эски шаҳар» ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган «Регистон» майдонига кўчирилиб, майдонни ўзига хос қўшимчалар билан бойитиш ва янги, кўркам майдон барпо этишга келишилган. Ҳозирда бу режани амалга ошириш учун катта тайёргарликлар кўрилмоқда», — деди вилоят ҳокими матбуот котиби Муслим Иброҳимов.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалги майдон ўрнида аҳолига хизмат кўрсатиш учун «Savdo Mall» мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва бошқа замонавий биноларни қуриш режалаштирилган.

«Ушбу майдон ўрнида турар жойлар қуриш режаси мавжуд эмас, тармоқларда кузатилган турар жой қурилиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмайди», — дея таъкидлади Муслим Иброҳимов.

Mavzuga oid materiallar