Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бошланди

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида нутқ сўзламоқда. Тадбир Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини муҳокама қилишга бағишланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Кун тартибида янгиланган Конституцияга мувофиқ илк бор Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш ва ҳукуматнинг келгуси беш йилга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини муҳокама қилиш масалалари ўрин олган.

Давлатимиз раҳбари сўзининг бошида мамлакатимизнинг стратегик ва долзарб вазифаларини амалга оширишда ижро этувчи ҳокимиятнинг барча бўғинлари, энг аввало, ҳукумат ва унинг раҳбарининг масъулияти бугунги мураккаб шароитда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётганини таъкидлади.

Президент бугун мутлақо янги ваколат ва вазифаларга эга ҳукумат шакллантирилаётганини алоҳида қайд этди.

Вазирлар Маҳкамасининг камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш ва экологик масалаларни ҳал этиш каби муҳим йўналишлар бўйича мажбуриятлари илк бор Конституция даражасида мустаҳкамланди.

Давлатимиз раҳбари ҳукумат фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Энг аввало, макроиқтисодий мувозанатни сақлаш ва келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатларини 6-7 фоиз даражасида таъминлаш зарур. Инфляция даражасини 5-6 фоиз, буджет тақчиллигини 3 фоизгача ушлаб туриш, шунингдек, йиллик кредитлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш асосий вазифалар сифатида белгиланди.

Бу даврда Ҳукумат камида 100 миллиард доллар миқдоридаги хорижий инвестицияларни ўзлаштириши ва йиллик экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказиши, бунда тайёр маҳсулотнинг экспортдаги улушини 50 фоизгача ошириши кераклиги таъкидланди.

Келгуси беш йилда хорижий сайёҳлар оқимини 15 миллион нафарга етказиш, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга чиқариш учун барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Шунингдек, рақамли технологияларни норасмий иқтисодиётни «соя»дан чиқаришнинг асосий воситасига айлантириш зарурлиги уқтирилди. Хусусан, келгуси йилда нақд пульсиз ҳисоб-китобларни янада рағбатлантириш ва онлайн тўловлар улушини 60 фоизга етказиш муҳим вазифа этиб белгиланди.

Таъкидланганидек, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ҳамкорлик доирасида асосий тадбирлар амалга оширилган бўлиб, Ўзбекистон яқин йилларда албатта унинг аъзосига айланади.

Mavzuga oid materiallar