Наманганда ота бокиралигини йўқотганини айтган қизини бўғиб ўлдирди

O‘zbekiston

Наманган вилоятида 22 ёшли қизини бўғиб ўлдирган эркакка ҳукм эълон қилинди. Марҳума турмушга чиқишни рад этган ва отасига гўёки бокиралигини йўқотганини айтган, шундан сўнг ота уни ўлдирган.

Фото: Kun.uz

Наманган вилоятида 22 ёшли қизини бўғиб ўлдирган эркакка ҳукм эълон қилинди. Бу ҳақда шаҳар судлари матбуот хизмати «Взгляд.uz»га маълум қилди.

Воқеа Тўрақўрғон туманида содир бўлган. Судланувчи 22 ёшли қизини оила унаштирган куёвни ёқтирмаслигини ва бошқа йигит билан мулоқот қилаётганини айтгани учун ўлдиришга қарор қилган. Эркак қизидан муносабатлар ҳақида сўрай бошлаганда, у «энди қиз бола эмасман» деб жавоб берган.

Ғазабланган ота, уни шарманда қилган одамнинг исмини айтишни талаб қилиб, қизини рўмолча билан бўға бошлаган. Қизи жавоб бермаган, шунда у рўмолчани янада қаттиқроқ тортган ва қизи ерга йиқилгунча тахминан 1-2 дақиқа давомида бўғиб турган.

Қотилликдан сўнг эркак ўзини ўлдирмоқчи бўлган, аммо буни уддалай олмаган ва таслим бўлган. Суд-тиббий экспертиза қизнинг бокира эканлигини аниқлаган.

Суд эркакни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни (Қасддан одам ўлдириш) содир этганликда айбдор деб топди ва унга умумий тартибли колонияда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Mavzuga oid materiallar