«Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси бошланди

O‘zbekiston

Ўзбекистонда «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат» глобал кампанияси расман ишга туширилди.

Ўзбекистонда «Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига секторлараро муносабат билдиришнинг миллий тажрибаси: сабоқлар ва ютуқлар» мавзусида юқори даражадаги давра суҳбати ўтказилган «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат» глобал кампанияси расман бошланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) билан ҳамкорликда ва Буюк Британия ҳукумати кўмагида ташкил этилган тадбир Тошкентдаги InterContinental меҳмонхонасида бўлиб ўтди.

Ҳар йили 25 ноябрь — Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан 10 декабрь — Инсон ҳуқуқлари кунига қадар ўтказиладиган «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат» кампанияси хотин-қизларга нисбатан зўравонлик муаммосини инсон ҳуқуқларининг энг кенг кўламли бузилишларидан бири сифатида ҳал этиш глобал зарурат эканлигини таъкидлайди.

Давра суҳбати давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакилларини Ўзбекистонда гендер зўравонликка қарши курашиш ва болаларни ҳимоя қилиш тизимларини такомиллаштириш соҳасидаги муаммолар, ютуқлар ва келгусидаги стратегияларни муҳокама қилиш учун бирлаштирди.

Давра суҳбати иштирокчилари асосий жиҳатларни, шу жумладан миллий секторлараро таъсир кўрсатиш тажрибасидан олинган сабоқлар, болаларни ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашда комплекс ёндашувнинг аҳамиятини муҳокама қилди. Муҳим жиҳатлардан бири гендер зўравонликнинг тарқалиши бўйича миллий тадқиқот бошланганлиги ҳақидаги эълон бўлиб, унинг натижалари келажакдаги сиёсат ва жавоб чораларини ишлаб чиқиш учун муҳим маълумотларни тақдим этади.

ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги вакили Нигина Абасзада ўз кириш сўзида гендер зўравонликка қарши курашда биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигини таъкидлади. «16 кун» кампаниясининг ишга туширилиши хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш ишига содиқлигимизни тасдиқлайди. Маълумотларга асосланган ва тўпланган тажриба билан бойитилган қўшма ёндашувлар янада хавфсиз ва адолатли жамиятни яратиш калитидир», — деди у.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Е. Е. Тимоти Смарт Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги тараққиётини қўллаб-қувватлашини билдирди. «Буюк Британия Ўзбекистон билан энг заиф гуруҳларни ҳимоя қилишга қаратилган ташаббусларни амалга оширишда ҳамкорлик қилаётганидан фахрланади. Бу саъй-ҳаракатлар бизнинг қадр-қиммат, тенглик ва адолат каби умумий қадриятларимизни акс эттиради», — деди у.

Муҳокамалар давомида «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ва гендер зўравонликдан жабрланганларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайтирилиши каби ютуқлар қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси президентининг маслаҳатчиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров жорий ислоҳотлар муҳимлигини таъкидлади: «Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашнинг муҳим босқичида. Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан бошланган ислоҳотларни амалий ва инклюзив ечимлар билан уйғунлаштириб, биз барқарор ўзгаришларга эришишимиз мумкин», — деди у.

Иштирокчиларнинг чиқишларида идоралараро ҳамкорлик, инклюзив хизматлар кўрсатиш ва маҳаллий ҳамжамиятларни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди. Хотин-қизлар ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ижтимоий ҳимоя хизматлари зўравонлик ҳолатларига жавоб бериш миллий тизимининг асосий иштирокчилари сифатида қайд этилди.

Тадбир зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун барча томонларнинг ҳамкорлик қилиш мажбуриятини тасдиқлаш билан якунланди. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунига бағишланган видеоролик якунида Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили Диёра Келдиёрова томонидан намойиш этилган Гендер тенгсизлиги ва хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича видеоролик муаммонинг шахсий ва ижтимоий аҳамиятини таъкидлаб, зўравонликсиз дунёни яратиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чорлади.

Ўзбекистонда «16 кун фаол ҳаракат» кампанияси бутун мамлакат бўйлаб хабардорликни ошириш, мулоқотни ривожлантириш ва гендер зўравонликка қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга қаратилган бир қатор тадбирлар билан давом этмоқда.

Mavzuga oid materiallar