Шавкат Мирзиёев аҳолини Наврўз байрами билан табриклади

O‘zbekiston

Президент Ўзбекистон халқига самимий табрик йўллади. Давлат раҳбари байрамнинг асосий даъватларидан бири – атроф-муҳитга ҳурмат эканини таъкидлади. Мирзиёев шунингдек об-ҳаво шароити туфайли байрамни «Янга Ўзбекистон»дан «Humo Arena»га кўчиришга тўғри келганини айтди.

Шавкат Мирзиёев нутқи аввалида байрам пойтахтдаги «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғида ўтказилиши кераклиги, аммо об-ҳаво шароити туфайли тадбир Humo Arena мажмуасига кўчирилганини айтди.
«Бугун оби раҳмат ёмғирлари билан осмондан ризқу рўз, қут-барака ёғмоқда. Ҳаммамиз бу ҳолатни шукроналик билан қабул қиламиз», — деди у.

Президент бугунги байрамнинг асосий даъватларидан бири – атроф-муҳитга ҳурмат, деб таъкидлади.
«Наврўзи олам бизни бутун борлиқни, авваламбор, ер ва сув, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, соф ҳавони асраб-авайлаб, она табиатга меҳрибон фарзанд бўлиб яшашга даъват этади. Ана шундай эзгу чорловга жавобан бугунги кунда юртимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда, Наврўз ҳашарлари ўтказилмоқда. Жумладан, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида миллионлаб мевали ва манзарали кўчатлар экилмоқда, янги боғу роғлар барпо этилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида тадбиркорликни янада ривожлантириш муҳимлигига ҳам тўхталиб ўтди.
«Энг муҳими, бизнес соҳаси нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимизда ҳам ҳал қилувчи кучга айланмоқда. Биз ишбилармонлик муҳити ривожи учун янада кенг имкониятлар яратиб берамиз. Жорий йилда қабул қилинган давлат дастуридаги мақсадларга 36,5 триллион сўм ва 460 миллион доллар маблағ йўналтириш белгилангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди», — деди у.

Оилавий тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари доирасида 50 мингдан зиёд юртдошларимизга Бизнесни ривожлантириш банки орқали зарур молиявий ва моддий ёрдам кўрсатилади. Жумладан, уларга гаров талабисиз 100 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади. Бундан ташқари, ўрта бизнес вакилларига 1,5 миллиард сўмгача бўлган имтиёзли кредитлар 7 йил муддатга берилади.

Умуман, жорий йилда барча турдаги тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 миллионга яқин аҳолига молиявий кўмак кўрсатилади.

Президент, шунингдек, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга камайтирилганини таъкидлади.

Шу даврда 900 мингга яқин аҳолига қарийб 20 триллион сўм имтиёзли кредит, 200 мингдан зиёд фуқароларга 1,5 триллион сўм субсидия, қарийб 700 минг оилага эса деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратиб берилгани бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, жорий Наврўз Рамазон ойининг муборак кунларига тўғри келиши байрамга ўзгача руҳ бағишлаб, унинг аҳамиятини янада оширишини алоҳида таъкидлади.

Хулоса сифатида қуйидагилар айтилди:
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Мана шу баҳорий лаҳзаларда барчамиз улуғ аждодларимизнинг тилакларига қўшилиб, илоҳим, ҳар кунимиз Наврўздек гўзал, Наврўздек файзли ва мазмунли бўлсин, деб ният қиламиз.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқ ва зафарлар, оилавий бахт ва фаровонлик тилайман.

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Mavzuga oid materiallar