Президент АҚШ парламенти делегациясини қабул қилди

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ сенатори Стивен Дэйнс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Томонлар АҚШ ҳудудлари бизнесининг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этишга келишиб олди.

Шавкат Мирзиёев 27 март куни АҚШ сенатори Стивен Дэйнс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Учрашувда томонлар америкалик қонун чиқарувчилар вакиллик қилаётган Монтана, Алабама, Вашингтон, Калифорния ва Техас штатлари билан фаол амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, кейинги йилларда эришилган икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражаси, фаол алоқалар ва ташрифлар алмашинуви давом этаётгани қайд этилди.
«Ўтган йилнинг центябр ойида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг С5+1 форматидаги биринчи саммити ҳамда самарали ишбилармонлик учрашувлари муваффақиятли ўтказилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошиб бормоқда, 2023 йил якунида у 30 фоизга ошди. Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият юритаётган АҚШ компаниялари сони ортмоқда.

Таълим, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, тоғ-кон саноати, «яшил» энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат тармоғи ва бошқа соҳалар кооперация учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

АҚШ ҳудудлари бизнесининг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.