Электрон билагузуклар ва улар учун дастурий таъминот Корея ва Туркиянинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Жамоат хавфсизлиги илмий-амалий тадқиқотлар маркази мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Қурилмалар 14 маъмурият, жумладан, Қорақалпоғистон ва Тошкентда синовдан ўтказилди.
Эндиликда Ички ишлар вазирлиги ушбу амалиётни бутун Ўзбекистон бўйлаб босқичма-босқич жорий этишни таклиф қилмоқда:
- 1 майдан бошлаб Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида;
- 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида;
- 1 августдан бошлаб Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятларида;
- 1 октябрдан бошлаб Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида;
- 1 декабрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида.
Электрон билагузук оёққа тақиш учун мўлжалланган. Агар уй қамоғида бўлган шахс оёғига электрон билагузук тақа олмаса (синиш ёки жароҳатлар бўлса), уни билагига тақишга рухсат берилади.
Қурилмани ҳомиладор аёллар, ҳужжатда кўрсатилган касалликларга чалинган ёки жисмоний имконияти чекланган кишилар тақиши мумкин эмас. Аёл жинсидаги шахсга электрон браслет шу жинсдаги ходим томонидан тақилади.