16 апрель куни президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозорларида валюта курси билан боғлиқ муаммолар юзага келгани қайд этилди. Шу сабабли экспорт кўрсаткичлари прогноздан 200 млн долларга кам бўлди.
Президент бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаётганига эътибор қаратди.
Давлат раҳбарининг топшириғига асосан тўқимачиликнинг барча йўналишларидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди ва ечимлар ишлаб чиқилди.
Тармоқдаги долзарб масалалар муҳокама қилинар экан, ўтган йили тайёр маҳсулот экспорти 1,3 млрд долларни ташкил этгани билан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши етарли даражада эмаслиги қайд этилди.
Биздаги хомашё билан камида 15 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш учун мавжуд имкониятларни ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.