34 ёшли милиция ходими оёғидаги оддий операциядан сўнг Тошкент шаҳар Ички ишлар вазирлиги шифохонасида вафот этди, деб ёзади Кун.уз марҳумнинг яқинларига таяниб.
Маълумотларга кўра, воқеа 2023 йилнинг 25 декабрида содир бўлган. Оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказилган Тошкент вилояти Тошкент туман ИИБ бошқармаси бошлиғи, капитан Шуҳрат Рустамов соғлиғининг кескин ёмонлашиши туфайли жонлантириш бўлимида вафот этди.
Қариндошларининг сўзларига кўра, у шифохонада ўзи учун ишлатилган дори-дармонлар рўйхатига имзо чекиш учун шифокор билан жанжаллашиб қолган.
«Акам спортчи эди. 2023 йилнинг кузида у ИИВдаги футбол турнирида қатнашаётганда оёғидан жароҳат олган. 18 декабрь куни оёғини операция қилиш учун касалхонага олиб бордик. 20 декабрь куни операция ўтказилди. Унинг аҳволи ва кайфияти яхши эди. Ўлимидан бир кун олдин у билан гаплашдим, у: эртага келинг, менга жавоб беришади, бу ерда даволаниш учун ҳеч қандай шароит йўқ деди», — дейди марҳумнинг укаси Аҳмаджон Рустамов.
Эртаси куни, 25 декабрь куни унга Бўстонлиқ тумани ИИБдан қўнғироқ қилиб, унга акаси реанимацияда ётганини айтишган. Эрталаб соат 9:30 атрофида эркак бу оламни тарк этганди.
«Унинг хонадоши эрталаб акаси касал бўлиб қолгани, ҳамширалар унга керакли даражада биринчи ёрдам кўрсатмагани, навбатчи шифокорлар жойида бўлмаганини айтди. Тиббиёт ходимлари ўз ишига бепарволик билан ёндашиб, касбий бурчларини ўз вақтида бажармаган», — деди марҳумнинг укаси.
Шуҳрат Рустамовнинг отаси Равшан Рустамовнинг айтишича, шифокорлар ўғлини амалда ишлатилмаган дори-дармонлар рўйхатига имзо қўйишга мажбурлаган.
Марҳумнинг яқинлари ўлим юзасидан Олмазор туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
«Мен терговчидан ой охиригача касалхонадаги ўша кундаги видеокамера тасвирларини олишни сўрадим. У камера тасвирларини бир йилдан кейин ҳам олиши мумкинлигини айтди. Лекин ҳозир ёзувлар ўчирилган, шифокорлар ўз хизмат вазифаларини бажарган, дейди. Бир неча кундан бери терговчини топа олмаяпмиз, у қўнғироқларга жавоб бермаяпти ва ишда йўқ. Биз унинг ҳаракатсизлигидан норозимиз», — дейди марҳумнинг укаси.
Олмазор тумани ФҲДЁ бўлимидан олинган маълумотномада Шуҳрат Рустамовнинг ўлимига ўпка эмболияси сабаб бўлгани қайд этилган.