10 май куни нодавлат телеканаллар вакиллари билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда сўз эркинлиги, миллий контент яратиш ва болаларга мўлжалланган миллий медиа маҳсулотлар сифатини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Яқиндагина матбуот эркинлигининг янгиланган рейтинги эълон қилинганди, унда Ўзбекистон 11 поғонага пастлаган.
Комил Алламжонов бу хабарга муносабат билдирар экан, «Президентнинг матбуот ва сўз эркинлиги борасидаги позицияси кескин ва аниқ, бу эса сўз эркинлигисиз тараққиётнинг имкони йўқлигини яққол кўрсатиб турибди», деди.
«Албатта, муаммолар кўп. Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши мумкин деб ўйлайман», — деди Алламжонов.
Шунингдек, у ўзини журналист ёки блогер сифатида кўрсатаётган шахслар томонидан турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шантаж ва фирибгарлик ҳолатлари кундан-кунга ортиб боришини айтди.
«Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди деб ўйлайман. Ривожланиш ҳеч қачон силлиқ бўлмайди. Ўйин қоидаси аниқ-равшан ва ҳамма учун тенг бўлсагина, ривожланиш бўлади. Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи. Матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим», — деди у.
Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари журналистларни фақат қонун ва амалдаги қоидалар доирасида иш олиб боришга чақирди.
«Демак, ортга йўл йўқ – бу аниқ. Фақат олдинга. Олдинга – ҳуқуқ, меъёр ва қонун доирасида, олдинга. Ҳали яна кўп муаммолар бўлиши мумкин ва бу табиий. Лекин бу муаммолар биз бошлаган ислоҳотларга соя солмаслиги керак. Чунки бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофа, хавфсизлик масала даражасидаги институтдир», — дея хулоса қилди Алламжонов.