Тошкентда ЙПХ инспекторини машина ҳайдовчиси атайлаб уриб кетди

O‘zbekiston

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида BYD ЙПХ инспекторини уриб юборди. Жабрланувчи жароҳатланган. Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.

ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, 12 май куни соат 19:20 атрофида Лутфий кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи ҳаракати инспекторда шубҳа уйғотган ва у ҳайдовчига жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхтатишга ишора қилган. Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган фуқаро О.А. инспекторнинг қонуний талабларига бўйсунмай, бошқарувни давом эттирган. 150−200 метр ўтиб ортига қайрилиб олган. Шунда ЙПХ инспектори қайта тўхташ ишорасини бериб, автомашиналар ҳаракатини тўлиқ тўхтатган.

О.А. ИИО ходимининг қонуний талабларини қасддан бажармаган ҳолда инспекторни устига машинасини ҳайдаб, уни уриб юборган. Оқибатда ходим Ҳумоюн Шарипов иккала сон суяги синиши ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.