Ижтимоий тармоқларда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг 4-курс талабаси бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.
«Kun.uz»нинг ИИВ ЙҲХБ матбуот хизматига таяниб хабар беришича, ҳодиса 21 май куни соат 23:30 атрофида Самарқанд шаҳрида содир бўлган. Йигит йўлни пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётганда уни Nexia-2 русумли автомашина уриб юборган.
Жабрланувчи касалхонага ётқизилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, йигит маҳаллий тиббиёт муассасасида вафот этган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда талабани пойгада қатнашаётган машиналардан бири уриб юборгани хабар қилинмоқда.
Талабанинг ўлими ҳақида Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгашига маълум қилинган, марҳум университетда иттифоқнинг ўқитувчилар тайёрлаш бўлими координатори бўлиб ишлаган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.