Самарқанддаги оилавий дўкондан 403 млн сўмлик истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари топилди

O‘zbekiston

Самарқанд вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оилавий дўконлардан бирида ноқонуний равишда алкоголли маҳсулотлар сотилаётгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан қоидабузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: ИЖҚКД

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, ДХХ ва ИИВнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд тумани, «Ўзбеккенти» МФЙ ҳудудидаги «Х.С.» оилавий корхонасининг савдо дўконида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий қиймати 403 млн сўмлик 49 турдаги жами  11 054 дона, шундан 5 230 донаси қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига контрафакт ва сифатсиз товарлар ишлаб чиқариш ва муомаласига чек қўйишга қаратилган ўзгартишларни имзолаганди.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.