Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда турли соҳаларда энергия самарадорлигини баҳолашнинг янги тизими жорий этилиши маълум қилинди. Ушбу тизим энг яхши амалиётга асосланади ва қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:
Йилига камида 4 миллион киловатт электр энергияси ёки 375 минг куб метр газ истеъмол қиладиган электр ёки газнинг йирик истеъмолчилари ҳар уч йилда бир марта энергия аудитидан ўтказилади.
«Энергетика инспекцияси» ҳар йили энг йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилади.
Текширувдан ўтмаган корхоналар газ ва электр энергияси учун тўловни оширилган тариф бўйича амалга оширади.
Мутасаддиларга йил охиригача янги тизимнинг ишлаши учун зарур бўлган техник регламент ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш топширилди.
Аввалроқ Мирзиёев мутасаддиларни энергия ресурсларини тежаш бўйича бажарилмаган режа учун танқид қилгани ҳам хабар қилинганди.