Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар Туркияга кириши тақиқланган Ўзбекистон фуқаролари сони ортганини маълум қилди. Бироқ шунга қарамай, Туркияга ташриф буюришни хоҳловчи Ўзбекистон фуқаролари оқими тобора ортиб бормоқда. Бу ҳақда у Kun.uz мухбирига берган интервьюсида гапирди.
Элчининг сўзларига кўра, сўнгги терактлар, жумладан, Москвадаги терактлардан сўнг Туркияда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Туркия терроризмга қарши курашда катта тажрибага эга эканини таъкидлаб, бу таҳдидни ҳеч қачон унутмаслик муҳимлигини таъкидлади.
Олган Бекарнинг айтишича, охирги пайтларда Туркия аэропортларига кириши тақиқланган Ўзбекистон фуқаролари сони кўпайган. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқароларининг депортация қилингани умумий келганлар сонидан унчалик катта эмас.
Элчи бу вазиятдан хавотир билдирди, бироқ икки қардош халқ сифатида улар ижобий кун тартибига эътибор қаратганликларини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки давлатнинг тегишли идоралари бу масалани муҳокама қилиб, ҳал этиш устида ишламоқда.
Ўлган Бекар ўзаро маълумот алмашиш муҳимлигини тушунтириб, Туркияда жорий қилинган қоидалар ҳақида Ўзбекистон томонига сўзлаб берганликларини таъкидлади. У биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан келгусида бундай ҳолатларга барҳам беришларига ишонч билдирди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, ўтган йили Ўзбекистонга 106 мингга яқин Туркия фуқароси, Туркияга эса 470 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси келган. Биргина 2023 йил бошидан буён қарийб 250 минг нафар Ўзбекистон фуқароси Туркияга келган ва 50 мингдан ортиқ киши ушбу мамлакатда яшаш учун рухсатнома олган.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аввалроқ Истанбул аэропортида, асосан, 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган хорижликлар учун хавфсизлик чоралари кучайтирилиши ҳақида огоҳлантирган эди. Январь ва февраль ойларида 163 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Туркияга кириши тақиқланган эди.