Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Шуша шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммитида қароргоҳи Нукусда жойлашган Туркий экология кенгашини ташкил этишни таклиф қилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбари ташкилот иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўрган ҳудудни қамраб олганини таъкидлади.
Мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун вазирлар даражасида Туркий экологик кенгаш тузиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсиз деган умиддаман. Бу тузилманинг штаб-квартирасини Оролбўйидаги йирик шаҳар, экологик офатдан энг кўп жабр кўрган минтақа — Нукусда жойлаштириш мақсадга мувофиқ, деди президент.
Унинг сўзларига кўра, 2024 йил ноябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим бўйича 29-саммити (CОП-29) катта тарихий воқеа бўлади. Мирзиёев Ўзбекистон ушбу форумда фаол иштирок этишга, Озарбайжонга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.