«Ipoteka Bank»га қарши иш очилди

O‘zbekiston

«Ипотека-банк»га нисбатан реклама талабларини ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини бузганлик моддалари билан иш қўзғатилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Ipoteka Bank»га нисбатан иш қўзғатди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қўмита рекламанинг норматив талабларга мувофиқлиги бўйича ўз ваколатига тааллуқли бўлган ўрганиш ва таҳлилини ўтказди.

Маълум бўлишича, «Ipoteka Bank»нинг Instagram'даги саҳифасида «Супер» омонатининг муҳим шартлари кўрсатилмаган. Бу маълумот банкнинг расмий саҳифасида тасдиқланган.

«Супер» омонат шартларига кўра, касса орқали қўйилган маблағлар учун фоиз ставкаси дастлабки уч ой учун 26 фоизни, кейинги уч ойда эса 14 фоизни ташкил этади. Интернетда жойлаштирилган депозит маблағлари учун ставка ўртача 26,09% ва 14% ҳисобланади.

Бироқ ижтимоий тармоқдаги рекламада биринчи уч ой учун 26% ставка кўрсатилган бўлса-да, муҳим депозит шартлари кўрсатилмаган.

Қўмита бундай реклама фойдаланувчиларни чалғитиши мумкинлигини таъкидлади.

Шундан келиб чиқиб, «Ipoteka Bank»га нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16 ва 43-моддалари ҳамда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси талабларини бузганлиги учун иш қўзғатилди.

Mavzuga oid materiallar