Англия кетма-кет иккинчи марта Евро финалига чиқди: терма жамоа бош мураббийи қиролдан хат олди

Dunyo

Футбол бўйича Европа чемпионати ярим финалида Англия терма жамоаси Нидерландияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа инглизлар бир кун аввал иккинчи ярим финал учрашувида Францияни мағлуб этган Испания билан финалда учрашадиган бўлди.

Фото: AP Photo / Frank Augstein

Британияликлар ғалабани асосий вақтнинг сўнгги дақиқасида тортиб олди. Бу Англия терма жамоаси иштирокидаги олдинги ўйинлардан фарқли ўлароқ, кескинликка бой ўйин бўлди.

Олтинчи дақиқада Нидерландия терма жамоаси ҳисобни очди. Хави Симонс тўпни Англия терма жамоаси футболчисидан олиб қўйиб, жарима майдончаси ташқарисидан, аниқ зарба билан дарвозага йўллади.

Бироқ 18-дақиқада британияликлар видеотакрордан сўнг белгиланган пеналтидан кейин ҳисобни тенглаштирди. Ҳакам Нидерландия терма жамоаси футболчиси ҳақиқатан ҳам ўша пайтда рақиб дарвозасига зарба бераётган ҳужумчи Харри Кейннинг оёғига зарба берганига ишонч ҳосил қилди. Пеналтини Кейн голга айлантирди.

Иккинчи бўлимда ўйин суръати бироз пасайди ва Англия кўп хавфли вазиятлар ярата олмади. Нидерландия гол уриш учун кўпроқ имкониятларга эга бўлди.

78-дақиқада инглизлар рақиб дарвозасига тўпни жойлади, аммо улар буни ўйиндан ташқари ҳолатда амалга оширгани учун гол ҳисобланмади.

Бироқ Англия терма жамоаси асосий вақтнинг сўнгги дақиқасида ҳал қилувчи голни киритди. Учрашув тақдирини захирадан майдонга тушган «Астон Вилла» ҳужумчиси Олли Уоткинс ҳал қилди. Коул Пальмернинг пасидан сўнг у жарима майдончасига ёриб кирди ва дарвозани аниқ нишонга олди.

Учрашув якунлангач, Британия қироли Чарлз III қироллик оиласидан Гарет Саутгейт ва терма жамоанинг барча футболчиларига шундай хабар юборди:

«Мен, рафиқам ва бутун оиламиз билан сизни Европа чемпионати финалига чиққанингиз билан чин юракдан табриклаймиз ва якшанба кунги ўйинда омад тилаймиз. Агар сўнгги дақиқалардаги голлар ёки яна пеналтилар драмасига мурожаат қилмасдан олдин ғалаба қозонганингизда, ишончим комилки, халқнинг юрак уриши ва қон босимининг ошиши анча енгиллашган бўларди! Англияга омад», — деб ёзди қирол.

Mavzuga oid materiallar