Тошкентдаги дўконларда наша таъмига эга SoStoned номли янги энергетик ичимлик пайдо бўлди. Бу хабар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қўмитаси ушбу ичимликни ўрганиб чиқди ва унда тақиқланган моддалар топилмади.
Ичимлик рекламаларида унинг таркибида каннабидиол борлиги айтилади. Бироқ қадоқда фақат кеневир аромати рўйхати келтирилган.
Чехия Республикасида ишлаб чиқарилган ушбу маҳсулот Ўзбекистонга 2023 йил ноябрь ойидан бошлаб божхона орқали олиб кирилаётгани ҳақида СЭС хабар берди. Эпидемиологик хулоса чиқаришдан олдин мутахассислар ичимликнинг санитария-гигиена, бактериологик, паразитологик ва радиологик текширувини ўтказди. Натижада заҳарли ёки зарарли моддалар аниқланмади, бу маҳсулот хавфсизлигини тасдиқлайди.
Бугунги кунга қадар ушбу ичимликдан истеъмол натижасидаги заҳарланиш ҳақида ҳеч қандай шикоят ёки хабарлар бўлмаган.