Стратегик ислоҳотлар агентлиги эксперти Фридерике Зайферт томонидан Африка давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари ўрганиб чиқилди, дея хабар бермоқда агентлик ахборот хизмати.
Африка давлатлари иқтисодиётининг ривожланиши ҳар хил бўлиши билан уларнинг деярли барчаси ЖСТ аъзолари ва Африка Континентал эркин савдо ҳудуди иштирокчилари ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, савдо шартномаларини тузиш ва компаниялар ўртасида ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш Ўзбекистоннинг Африка бозорига кириши учун мақбул йўналиш ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Африка мамлакатларига экспортининг 57 фоизи Мисрга йўналтирилади. Бошқа ҳамкорлар қаторидан Марокаш (17%), Судан (16%), Жанубий Африка (6%) ва Тунис (2%) мамлакатлари ўрин олган.
Аксарият Африка давлатларининг иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, улар учун Ўзбекистондан ўғит ва қишлоқ хўжалиги техникаларини импорт қилиш имконияти жозибали кўринади. Африканинг кўплаб мамлакатлари иқтисодиётининг иккинчи муҳим тармоғи тоғ-кон саноати – нефть ва газдан тортиб (Жазоир, Габон, Ливия ва Нигерия) металлар, минераллар (Намибия ва Жанубий Африкада) ва олмос (Ботсвана) ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати техникаси экспорти ҳам ушбу мамлакатларда қизиқиш уйғотиши мумкин.
Тадқиқотда қайд этилишича, Миср Шимолий Африкадаги иқтисодиёти энг ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатнинг асосий экспорти нефть, азотли ўғитлар ва олтин бўлса, асосий импортга буғдой ва дори-дармонлар киради. 2022 йилда Мисрдан Ўзбекистонга амалга оширилган экспорт ҳажми 8,53 млн долларни ташкил этган. Ўз навбатида Ўзбекистон Мисрга 23 млн долларлик маҳсулот, жумладан, соф пахта иплари, олтингугурт ва синтетик штапель толали ипларни экспорт қилган.
Ўзбекистон Мисрга юк машиналари, фосфинатлар ва мум ҳам етказиб беради. Ушбу экспорт оқимларини кенгайтириш истиқболлари муҳимлигича қолмоқда.
Миср экспорт қиладиган полимер, темир ва қоғоз каби кўплаб маҳсулотлар Ўзбекистон учун қизиқиш уйғотиши мумкин.