15 август, пайшанба куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан ишни кўриб чиқишни бошлайди. Бу ҳақдаги маълумот Олий суд сайтида эълон қилинди.
Собиқ вазир Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда:
167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, «в» банди;
205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди;
206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» банди;
209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди.
Азиз Воитов 2022 йил август ойи охиридан 2023 йил октябрига қадар қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. У ўтган йилнинг декабрь ойида ҳибсга олинган эди.