Урганчда эркак ўз уйида ноқонуний равишда шер боққани аниқланди

O‘zbekiston

Урганч шаҳридаги Ашхобод маҳалласида ёш ёввойи шер ноқонуний боқилгани аниқланди. Қоидабузарга нисбатан протокол тузилиб, жарима солинган. Йиртқич ҳайвон вақтинча Нукус ҳайвонот боғига бириктирилган.

Хоразм вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Назорат инспекцияси тезкор гуруҳи ҳамда Урганч шаҳар ИИБ ходимлари ҳамкорлигида навбатдаги тезкор рейд тадбири ўтказилди.

Рейд давомида фуқаро Э.С. томонидан Урганч шаҳар «Ашхобод» маҳалласида жойлашган бинода ёш ёввойи шер ноқонуний сақлаб келинаётганлиги маълум бўлди.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 92-моддасига кўра баённома расмийлаштирилди. Э.С. базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари — 1 миллион 700 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Ёввойи йиртқич эса вақтинча сақлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган «Нукус ҳайвонот боғи»га топширилди.

Ҳолатга аниқлик киритиш, ёввойи шер боласининг қандай олиб келинганлиги ва қаердан сотиб олинганлигини аниқлаш юзасидан суриштирув ишларини олиб бориш учун тўпланган ҳужжатлар Урганч шаҳар ИИБга юборилди.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.