Октябрь ойи охирида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида Ўзбекистоннинг барча бешта сиёсий партиясига иштирок этишга рухсат берилди, деб хабар қилди республика Марказий сайлов комиссияси (МСК).
Сайловда ЎзЛиДеП, «Миллий тикланиш», «Адолат» социал-демократик партияси, ЎзХДП ва «Экопартия» партиялари иштирок этишга рухсат берилди. Бу ҳақдаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан 21 август, чоршанба куни қабул қилинди.
Эндиликда партияларнинг олий органлари депутатликка номзодлар кўрсатиши керак. Парламент депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланиб, сайловга 45 кун қолганида тугайди.
Парламент қуйи палатасига сайловлар илк бор аралаш тизим асосида ўтказилади. Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим бўйича (номзодга овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизимда, яъни сиёсий партияларга (партия рўйхатлари) берилган овозлар асосида сайланади.
Партиялар бир мандатли сайлов округлари бўйича 75 нафар депутатликка номзод, яъни ҳар бир сайлов округи бўйича биттадан депутатликка номзод, шунингдек, партия рўйхати бўйича 75 нафардан 100 нафаргача депутатликка номзод кўрсатиши мумкин. Партия рўйхатига киритилган номзодлар маълум бир сиёсий партиянинг аъзоси ёки партиявий бўлмаган бўлиши мумкин.