«Anglesey Food» МЧЖ комиссияга талабларни бажариш муддатини узайтириш илтимоси билан мурожаат қилди. Комиссия ушбу талабни қондирди ва компанияга буюртмани бажариш учун қўшимча вақт берди, деб ёзади «Газета.uz» компания матбуот хизматига таяниб.
Қайд этилишича, Korzinka қўмита мулоҳазалари ва тавсияларини инобатга олган ҳолда ўзининг оммавий таклифлари ва дастурнинг алоқа материалларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритган. Бундан ташқари, компания ихтиёрий равишда жарима тўлаган.
Кўп сонли алоқа материалларини таҳрирлаш ва қайта нашр этиш кўп вақт ва маблағ талаб қилишини ҳисобга олиб, компания кўрсатмаларга риоя қилиш муддатини узайтириш илтимоси билан Рақобатни ривожлантириш қўмитасига мурожаат қилган.
Қўмита сўровни қабул қилиб, кўрсатмаларни бажариш муддатини 16 октябргача узайтиришга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи ўрталарида Korzinka супермаркетлар тармоғи мижозларни чалғитувчи реклама усулидан фойдаланганликда айбланганди. Рақобат қўмитаси «Anglesey Food» МЧЖни «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузган, одамларни чалғитувчи «Энг арзон нарх» акциясини илгари сурганликда айбдор деб топди. Компания жаримага тортилди ва реклама материалларини олиб ташлаш учун бир ой муҳлат берилди, аммо Корзинка қонунни бузганига қарамай, реклама эълонини олиб ташламади. Қолаверса, Корзинка маъмурияти ўзини айбдор ҳисобламаслигини билдириб, қўмитага қарши чиққанди.