25 август, душанба куни Франция прокуратураси ўтган шанба куни Парижда Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсга олингани ҳақида маълум қилган пресс-релизни эълон қилди.
Прокуратура маълумотларига кўра, Дуров бир қатор жиноятларни содир этишда гумон қилиниб, исми ошкор этилмаган шахсга нисбатан олиб борилаётган тергов доирасида қўлга олинган. Ҳаммаси бўлиб иш 12 эпизодни ўз ичига олади, жумладан, ҳокимиятга маълумот беришдан бош тортиш, фирибгарлик ва гиёҳванд моддалар савдосига шериклик, болалар порнографиясини сақлаш, пул ювиш ва бошқа жиноятлар.
Прокурорларнинг айтишича, иш 8 июль куни очилган ва у Кибержиноятчиликка қарши кураш маркази ва Фирибгарликка қарши миллий бюро (ONAF) томонидан тергов қилинмоқда. Бир марта узайтирилган Дуровни ҳибсда сақлаш муддати 28 августда тугайди.
Душанба куни кечқурун француз ОАВлари манбаларга таяниб Дуровни ҳибсда сақлаш муддати расман чоршанба кунига қадар узайтирилганини хабар қилди. 39 ёшли Telegram асосчиси гумон қилинаётган қонунбузарликлар, жумладан, «платформадан жиноий мақсадларда фойдаланишни чеклаш чораларини кўрмаслик» бўйича сўроқ қилинмоқда, деди AFP манбаси.
Душанба куни кечқурун Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Дуров ҳибсга олинган ва сўроқ қилинган «исми ошкор этилмаган шахс»га қўйилган айбловларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда саккизта элемент мавжуд:
Ёрдам бериш — ноқонуний транзакцияни осонлаштириш учун онлайн платформани бошқариш.
Ваколатли органларнинг талабига кўра, қонун билан рухсат этилган алоқа алмашинувига аралашишни амалга ошириш ва улардан фойдаланиш учун зарур бўлган маълумотларни ёки ҳужжатларни ошкор қилишни рад этиш.
Ҳамкорлик — вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларига эгалик қилиш.
Фитна — болалар порнографиясини ташкилий равишда тарқатиш, таклиф қилиш ёки тақдим этиш.
Ҳамкорлик — гиёҳвандлик воситаларини олиш, ташиш, сақлаш, таклиф қилиш ёки ўтказиш.
Шериклик — маълумотларни қайта ишлашнинг автоматлаштирилган тизимларидан фойдаланиш учун мўлжалланган ёки мослаштирилган асбоб-ускуналар, асбоблар, дастурлар ёки маълумотларни қонуний асосларсиз таклиф қилиш, узатиш ёки тақдим этиш.
Иштирокчилик — уюшган жиноий гуруҳ таркибида фирибгарлик, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишга жиноий тил бириктириб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Уюшган жиноятчиликдан олинган даромадларни легаллаштириш.
Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши давом этаётган тергов билан боғлиқлигини айтганди. Унинг фикрича, бу сиёсий қарор эмас.
«Мен Павел Дуров ҳибсга олинганидан кейин Франция ҳақида ёлғон маълумотлар пайдо бўлганини кўряпман. Франция сўз ва мулоқот эркинлиги, инновациялар ва тадбиркорлик ғояларига ҳар қачонгидан ҳам содиқдир. Ва ҳар доим шундай бўлиб қолади», — деб ёзди Макрон Х ижтимоий тармоғида.
Бу шанба кунидан бери Франция расмийларининг ушбу масала бўйича биринчи расмий изоҳи эди.
«Ҳуқуқий давлатда ижтимоий тармоқлардаги эркинликлар, реал ҳаётда бўлгани каби, фуқароларни ҳимоя қилиш ва уларнинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш учун қонун доирасида амалга оширилади», — дея қўшимча қилди Франция президенти. «Францияда Telegram раҳбарининг ҳибсга олиниши давом этаётган суд тергови чоғида содир бўлган. Бу ҳеч қандай сиёсий қарор эмас. Қарорни судьялар қабул қилади».