Полиграф тергов остидагиларни қандай қутқаради
Полиграф ёрдамида қутқарилган биринчи шахснинг исми тарихда сақланиб қолмаган. Унинг фамилияси эса Тосетти эди. 1910 йилда у олти ёшли қизни ўлдиришда айбланган. Унинг омадига, тақдир уни кашфиётчилик васвасасига мубтало бўлган психиатр Чезаре Ломброзо билан учраштирди (бошқа нарсалар қатори у машҳур жиноий типни ўйлаб топган: паст пешона, ҳалқасимон қулоқлар ва ҳоказо). Айнан шу пайтда у «плетизмограф» деб аталмиш янги ихтирони тайёрлаб қўйган эди (изоҳга қаранг). Ломброзо ўз қурилмасини қўллаб, гумонланувчи миясида математик ҳисоб-китобларни амалга ошираётганида юрак уришида озгина ўзгаришларни аниқлади. Бироқ унга жароҳатланган болаларнинг суратларини, шу жумладан, ўлдирилган қизчанинг суратини кўрсатишганида, томир уриши ёзувида ҳеч қандай кутилмаган ўзгариш кузатилмади. Кейинги тергов натижалари Тосеттининг айбсизлигини кўрсатди.
Ўзбекистонда полиграфдан фойдаланишнинг бошланиши
2014 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан полиграфни ички ишлар органлари фаолиятида қўллаш бўйича йўриқнома имзоланган. Айнан шу йўриқнома асосида 2014 йилдаёқ ИИВ тизимига иккита полиграфолог штати киритилган. Ички ишлар вазирлиги тизимида Россиянинг «Диана» аппаратидан фойдаланилади. У 2015 йилда сотиб олинган, аммо амалда қўлланилиши бироз кейинроқ, 2016 йилдан бошланган.
Аппаратнинг хусусиятлари ҳақида бу ерда батафсил маълумот олишингиз мумкин.
Полиграфдан қайси органлар фойдаланади
Мутахассиснинг амалиётидан келиб чиқиб, судларда полиграф қўлланилмайди. Прокуратура полиграфолог мутахассиснинг ёрдамига мурожаат қилади, шунингдек, идоранинг ўз аппаратлари мавжуд. Қурилма жиноятларни очишда, инсон берган маълумотларнинг ишончлилигини текширишда ишлатилади. Полиграфдан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказида ҳам фойдаланилади. Юқоридаги хизматларда Диана-07 аппаратидан ташқари Lafayette LХ4000 ҳам қўлланилади.
Lafayette LХ4000 компьютер полиграфининг асосий функциялари қуйидагилардан иборат:
ёзиб олиш;
ёзувни қайта ижро этиш;
тест ўтказилаётган шахс сўровномасидан олинган физиологик реакциялар натижаларини сақлаш ва қайта ишлаш.
Ишончли тадқиқот натижаларини олиш учун одатда қуйидаги физиологик реакциялардан фойдаланилади:
иккита нафас олиш канали (кўкрак ва қорин орқали нафас олиш);
электродермал фаоллик (тери қопламининг электр қаршилиги);
кардиология (пульс ва қон босимини ўлчаш).
Шунингдек, ушбу ёлғон аниқлагичларида сўроқ қилинувчининг реакцияларини батафсил ўрганиш функциялари кўзда тутилган:
фотоэлектрик плетизмограф;
тана ҳаракати сенсорлари;
қўлларнинг имо-ишоралари ва ҳаракатларини кузатувчи сенсорлар;
оёқ ва чайнов мушаклари ҳаракатларини кузатувчи сенсорлар;
бармоқ изларини ўқувчи сканер;
видеокамера;
микрофон.
Терговнинг қайси босқичида полиграфдан фойдаланилади, ким ва нима учун
Полиграфдан терговнинг ҳар қандай босқичида фойдаланиш мумкин. У инсон берган маълумотларнинг ишончлилигини текшириш учун қўлланилади. Терговга қадар текширув даврида, тергов вақтида, суд текширувлари пайтида ишлатилиши мумкин.
Эксперт-полиграфолог хулосаси жиноят ишини қўзғатиш учун асос бўладими?
Полиграфолог хулосаси далилий асос сифатида қўлланилмайди. Чунки, биринчидан, Ўзбекистонда тергов тадбирларида ёки бирор жиноятни очишда далил-исбот базаси сифатида хулоса киритиш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас, иккинчидан, республикада бундай усул ҳали кенг тарқалмаган. Полиграф унчалик кенг қўлланилмайди, тез-тез ишлатилмайди, шунинг учун у фақат тавсия хусусиятига эга ва терговчи учун қўшимча маълумот бўлиб хизмат қилади. Полиграф барча соҳаларда қўлланилади. Хизмат текширувларида ҳам (ишга қабул қилиш ёки қилмаслик масаласида), жиноятларни фош этишда ҳам.
Республика ҳудудида полиграф қўлланилган биринчи психофизиологик экспертиза қайси йилда ва қайси идора томонидан ўтказилган?
Эксперт-полиграфологнинг тахминича, полиграф биринчи марта ДХХда синовдан ўтказилган.
Полиграфологлар қаерда тайёрланади
Полиграфолог бўлиш учун ўрта махсус маълумот етарли. Мутахассислик ҳам муҳим эмас. Бироқ психология бўйича таълим олиш фойдадан холи бўлмайди. Ҳар қандай касбда бўлгани каби, энг муҳим талаб - бу қизиқишдир. Ўқиш муддатига келсак, одатда полиграфологларни тайёрлаш курси бир ой давом этади. Тўлиқ қайта тайёрлаш курси эса 4 ойни ташкил этади. Демак, агар сиз фақат полиграфда ишлаш учун сертификат олмоқчи бўлсангиз, ИИВдаги бир ойлик курс етарли. Агар сиз тўлиқ қайта тайёрлаш курсини ўтаб, келажакда ҳақиқатан ҳам юқори малакали мутахассис бўлишни истасангиз, 4 ой ўқишингиз керак бўлади. МДҲ мамлакатларида полиграфологлар фақат Россия ва Беларусда (Минск ва Москва) тайёрланади.
Республикада полиграфолог мутахассисга шахсий равишда, пуллик асосда мурожаат қилиш имконияти борми
Шахсий текширувдан ўтказадиган полиграфологни (сертификати, аппарат модели ва бошқа жиҳатлари бўйича) синчковлик билан текшириш лозим.
Президентнинг 2023 йил 20 январдаги ПҚ-10-сонли қарорида республикада психологик хизматлар кўрсатишнинг йўл харитаси ишлаб чиқилган. Ҳужжатнинг ўн биринчи бандида ички ишлар органлари ҳузурида босқичма-босқич психологик хизмат марказлари очилиши белгиланган. Бу марказларда аҳолига полиграфдан фойдаланиш бўйича пуллик хизматлар кўрсатилади. Икки йил давомида аста-секин марказларни қуриш ва молиялаштириш амалга оширилади. Мутахассиснинг айтишича, ушбу дастур доирасида психологик хизмат марказлари учун қўшимча полиграф аппаратлари қурилади, жиҳозланади ва харид қилинади.
Полиграфда текшириш жараёни
Полиграф (ёлғон аниқлагич)да ўтказиладиган экспертиза одатда бир ярим соатдан уч соатгача давом этади. Бу кўп жиҳатдан мутахассис олдига қўйилган савол ва вазифалар миқдорига боғлиқ. Экспертиза ўтказиладиган хона текширилувчи чалғимаслиги учун товушдан изоляция қилинган бўлиши керак. Текширилувчи исталган пайтда экспертизани тўхтатишни сўраши мумкин.
Жараён тўртта босқичдан иборат. Биринчи босқич — бу тест. Эксперт текширилувчига бутун жараённи тушунтиради. Аппарат билан таништиради, бериладиган саволларни муҳокама қилади. Сўнгра текширилувчига датчиклар уланади ва иккинчи босқич бошланади. Бу босқич — тестнинг ўзи, яъни полиграфда сўров ўтказилади. Саволлар шундай тузилганки, текширилувчи «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб бера олади. Учинчи босқич — полиграфолог томонидан шубҳа туғдирган ёки хулоса чиқариш учун етарли бўлмаган маълумотлар олинган ҳолатлар юзасидан қўшимча саволлар берилади. Тўртинчи, энг мураккаб босқич хулоса ёзишдир.
Полиграфолог учун эксперт вазифалари нималардан иборат
Текширилувчи томонидан жиноят ҳодисаси билан боғлиқ ҳаракатларнинг содир этилгани.
Текширилувчининг жиноят ҳодисасининг бирор-бир ҳолати ҳақида хабардорлиги.
Хабардорлик ва дахлдорлик — бу ташаббускорлар бизга қўядиган асосий вазифалардир. Агар ташаббускор сўроқ қилинувчининг жиноятга ёки бирон-бир қилмишга дахлдорлигини аниқлашни истаса, у шу вазифани қўяди. Иккинчиси ҳам текшириш ташаббускорига боғлиқ. Сўроқ қилинувчининг бирон-бир ҳодиса ҳақида маълумотга эгалиги (хабардорлиги) масаласи кўтарилади.
Эксперт қандай саволларга жавоб бера олади (ҳаракатларни амалга оширганми, кўрганми, эшитганми, қаерда бўлганини билганми ва ҳоказо)?
Буларнинг барчаси ташаббускорга боғлиқ. Умуман олганда, инсоннинг у ёки бу ҳуқуқбузарлик ёки жиноятдан хабардорлиги ва алоқадорлиги аниқланади.
Полиграфологлар аниқроқ саволлар беришга интилишади, чунки агар одамга нотўғри савол берилса, у атайлаб нотўғри жавоб бериши мумкин.
Мисол келтирамиз:
Бир киши танишини пичоқ билан уриб ўлдирган. Таърифланган вазиятда у пичоқ билан уриб, чиқиб кетган. Ўша пайтда жабрланувчи ҳали нафас олаётган эди, аммо тез ёрдам келгунга қадар вафот этган.
Жиноятчига: «У фалончини ўлдирдими?» деб савол беришнинг маъноси йўқ, чунки пичоқ билан зарба берилган пайтда жабрланувчи ҳали тирик эди.
«Ўлдирдими?» деган саволга текширилувчида ҳеч қандай сезиларли реакция бўлмайди. «У пичоқ билан зарба бердими?» деган саволга эса, унинг жавоби эмоционал жиҳатдан кучли бўлади.
Афсуски, барча терговчилар ҳам ишнинг барча материалларини кўришга рухсат бермайди.
Ҳолбуки, иложи борича аниқроқ саволлар бериш учун эксперт жиноят иши билан майда-чуйдасигача тўлиқ танишиб чиқиши керак. Бу ишнинг ноаниқ қолган жиҳатларини аниқлаш учун зарур.
Терговчилар ишнинг асосий қисмларини ўзлари ўрганадилар. Лекин аҳамиятсиз туюлган майда-чуйда нарсалар ҳам бўлади. Тергов департаменти ходимлари уларга эътибор бермайдилар, аммо айнан шундай майда-чуйдаларда жиноятчилар қўлга тушиб қолади.
Эксперт тадқиқот натижасида олинган қандай маълумотларга асосланиб хулоса чиқаради?
Биз полиграммаларни таҳлил қиламиз. Улар организмнинг бир неча кўрсаткичлар бўйича реакциясидир. Яъни бу нафас олиш датчикларининг кўрсаткичлари — юқори ва пастки нафас олиш, тери гальваник реакцияси датчиги, фотоплетизмограмма датчиги ва артериал босим датчигидир.
Нафас олишнинг икки тури мавжуд: кўкрак ва қорин. Кўкрак — юқори нафас, қорин эса диафрагмал нафас ҳисобланади. Шу сабабли иккита нафас сенсори қўлланилади.
Кейинги датчик — тери (гальваник реакция). Гальваник реакция — бу терлаш, яъни одам бармоқларининг микро даражада тер ажратиши.
Учинчи датчик — фотоплетизмограмма. Бу кичик фотокамерага ўхшаш датчик бўлиб, у микротомирларда қоннинг тўлиши ва оқишини қайд этади.
Тўртинчи датчик — босим ўлчагич. У артериал босимни реал вақт режимида қайд этади.
Республикадаги полиграфологларнинг режалари
Бизда полиграфолог хулосасига терговда ва судда далилнинг ҳуқуқий мақомини бериш учун ҳуқуқий асос йўқ. Шунингдек, жиноят ишларини тергов қилишда қиёсий ишларни олиб бориш ва полиграфик тадқиқотлардан фойдаланиш амалиёти кенг тарқалмаган. Буларнинг барчасини амалга ошириш мумкин. Режаларимда полиграфдан фойдаланиш учун ҳуқуқий асос яратиш бор. Бу келажакка мўлжалланган режалар. Аммо ҳозирча хулоса далил сифатида хизмат қилмайди. У фақат эҳтимолий ва тавсиявий хусусиятга эга.
Полиграфни алдаш мумкинми?
Полиграфни алдаш мумкин эмас. Аммо полиграфологни алдаш мумкин. Полиграфни алдаганини таъкидлайдиган одамлар аслида полиграфологни алдаган бўлади. Аппарат танангизнинг бирор ташқи таъсирга бўлган реакциясини қайд этади. Аксарият ҳолларда бу таъсир одамга бериладиган савол бўлади. Аппарат одам организмида кузатиладиган реакцияларни қайд этади. Полиграфологнинг асосий вазифаси эса бу реакцияларни тўғри талқин қилиш ва улар бўйича хулоса чиқаришдир. Юқорида тавсифланган вазиятда одамнинг онгли ёлғони ё аниқланади, ё аниқланмайди. Кўп ҳолларда, полиграфни алдадим деб айтганда, аслида полиграфолог алданган бўлади. У билими етарли эмаслиги ва тафсилотларга эътиборсизлиги туфайли майда реакцияларни, арзимас деб ўйлаган нарсаларни эътибордан четда қолдиради, лекин айнан шу майда нарсалар жуда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Хулоса шуки, полиграф - бу организмнинг реакциясини қайд этувчи оддий техника. У билан ишлашда энг муҳими - датчиклар тўғри ўрнатилиши керак. Уни алдаб бўлмайди, фақат полиграфологни алдаш мумкин. Уни алдаш мумкин эмас, фақат полиграфологни алдаш мумкин.
Полиграфдан ўтиш учун тиббий чекловлар
жисмоний/руҳий ҳолдан тойиш;
яқинда ўтказилган инфаркт/инсульт;
операциядан кейинги давр;
асаб/руҳий касалликлар, эпилепция;
алкоголь/гиёҳванд моддалар таъсирида бўлиш;
тест ўтказиш пайтида оғриқ бўлиши (тиш/бош оғриғи, ЎРК);
кексалик;
касалликнинг зўрайиш босқичи;
ҳомиладорлик;
юқори артериал босим.
Босим ҳақида айтганда, қуйидаги ҳолатга эътибор бериш лозим. Агар текширилувчи беш-ўн йилдан бери юқори босим билан яшаётган бўлса, унинг танаси аллақачон бу босимга мослашган ва уни текшириш мумкин. Агар босим бир-икки кундан бери кўтарилган бўлса, бундай одамни босим барқарорлашмагунча полиграфда текшириш мумкин эмас.
Умуман олганда, полиграфда текширувдан ўтиш тиббий нуқтаи назардан мутлақо хавфсиз жараён ҳисобланади.
Полиграф Ўзбекистон фуқароларини қандай қутқармоқда
Тошкент вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан ЎзР ЖК 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида жиноят содир этилган пайтда 17 ёшда бўлган фуқаро А.А. (2003 й.т.) ва фуқаро Б.Б. (2000 й.т.) га нисбатан полиграф қўлланилган ҳолда психофизиологик текширув ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Воқеанинг қисқача тарихи:
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида 2019 йил декабрь ойида хусусий ҳовлилардан бирида қотиллик содир бўлган. Икки ака-ука фуқаролар А.А. ва Б.Б. телефон сотиб олиш мақсадида уйларига (ота-оналари уйига) телефон сотувчиси фуқаро С.С.ни (2001 й.т.) таклиф қилишган. Телефон моделини танлаш жараёнида нарх бўйича келиша олишмаган, натижада жанжал чиққан ва у муштлашувга айланиб кетган. Можаро давомида фуқаро С.С. воқеа жойида бўғиб ўлдирилган.
Тергов тадбирлари давомида фуқаро Б.Б. барча айбни ўз бўйнига олиб, умумий тартибли колонияда 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Шундан сўнг фуқаро Б.Б.нинг ота-онаси ишни апелляция тартибида қайта кўриш учун ариза билан мурожаат қилишган.
Ушбу босқичда жиноят иши кўриб чиқиш учун ИИВ Тергов департаментига юборилган.
Терговнинг иккинчи босқичида ҳам полиграф текшируви тайинланган.
Полиграф текшируви натижасига кўра, фуқаро Б.Б.нинг фуқаро С.С.нинг ўлимига алоқадор эмаслиги тўғрисида хулоса чиқарилган.
Энг қизиғи, полиграфда ўтказилган текширув натижасида жиноятни, аниқроғи, фуқаро С.С.ни фуқаро А.А. бўғиб ўлдиргани аниқланган. Полиграф текшируви хулосасига асосан фуқаро Б.Б. оқланган, укаси фуқаро А.А. эса озодликдан маҳрум этилган.
Тайёрловчи: Комила Файзиева