Франциянинг Voltalia компанияси Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда

O‘zbekiston

Франциянинг Voltalia компанияси Ўзбекистон ҳудудида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини маълум қилди. Компания 3,1 ГВт дан ортиқ ишга туширилган ва қурилаётган энергия объектларини ўз зиммасига олган.

Фото: Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Франциянинг Voltalia компанияси вице-президенти Йони Аммар билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш жараёни батафсил муҳокама қилинди.

Voltalia — 2005 йилда ташкил этилган француз компанияси. У қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан, қуёш, шамол, гидро ва биоэнергетика соҳасидаги лойиҳаларга ихтисослашган. Компаниянинг лойиҳалар портфелида 3,1 ГВт дан ортиқ ишга туширилган ва қурилаётган энергетика объектлари мавжуд. Вольталианинг бозор капиталлашуви 1,2 млрд долларга баҳоланмоқда.

Музокаралар якунида томонлар жорий лойиҳаларни муваффақиятли якунлаш учун кейинги қадамларни келишиб олдилар ва ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболли йўналишларни белгилаб олдилар.

Учрашув иштирокчилари музокаралар якунлари ва эришилган келишувлардан мамнуният билдирдилар, уларнинг фикрича, энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш ва Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Mavzuga oid materiallar