Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Yandex Eats ва Express24 рақамли платформалари операторларининг устун мавқеини тан олди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита қарорига кўра, YandexGO UB такси агрегаторлари бозорида, Yandex Eats ва Express24 эса тайёр овқатларни етказиб бериш бозорида устун мавқега эга компаниялар сифатида тан олинди.
Қўмита YandexGO UB ва Yandex Eatsʼнинг рақамли платформалар учун устун мавқега эга бўлиш мезонларига мувофиқлигини билдириши, уларни устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатига киритишнинг сабаби экани таъкидланди.
Идора устун мавқега эга бўлган рақамли платформаларнинг суиистеъмолини олдини олиш учун монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилишини таъкидлади. Назорат белгиланган тартибда амалга оширилади.
25 октябрь куни Yandex Uzbekistan Express24 етказиб бериш хизмати активларининг бир қисмини сотиб олаётгани маълум бўлганди. Битимни яқин вақт ичида якунлаш режалаштирилган. Шундан сўнг активлар ягона технологик платформага ўтказилади.
«Мазкур битимга монополияга қарши орган билан олдиндан келишиш (розилик олиш) талаблари татбиқ этилмайди, чунки, корхоналарнинг акциялари (улушлари) сотиб олинмаган ва қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш ҳолатлари содир этилмаган», — дея тушунтирди Рақобат қўмитаси.
Бундан ташқари, идора активларни сотиб олиш учун дастлабки розиликни олиш тартибини такомиллаштириш мақсадида қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш устида ишламоқда.